Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби бугун — 19 февраль куни Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг 2-турида «Зоб Оҳан»га қарши майдонга тушади.
«Темирйўлчилар» аллақачон Эронга жўнаб кетган бўлиб, айни пайтда Исфахон шаҳрида бўлиб турибди. Мазкур шаҳар ўзининг «Сепахон» ва «Зоб Оҳан» клублари орқали футбол мухлисларига таниш. Бугун «Фуладшаҳр» стадионида «Локомотив»ни осон бўлмаган ўйин кутиб турибди дейиш мумкин.
«Зоб Оҳан» футболчилари илк турни Доҳада ўтказиб, Қатар етакчиси «Ал-Дуҳайл»га имкониятни бой берганди — 1:3. Айни пайтда Эрон чемпионатида иккинчи бўлиб турган «Зоб Оҳан» 2010 йилги мавсумда Чемпионлар Лигасининг финалига қадар етиб бориб, катта шов-шув кўтарганди. Мазкур клуб форс чемпионатида уч марта вице-чемпион бўлишга эришган, бироқ чемпион бўлиб улгурмаган, деб ёзди «Локомотив» матбуот хизмати.
«Локомотив» Чемпионлар Лигасининг илк турида Амирликларнинг «Ал-Ваҳда» клубини қабул қилиб, 5:0 ҳисобида зафар қучди. Мана шу кўтаринки кайфият бугун ҳам давом этадими ёки йўқ — бир неча соатлар ичида маълум бўлади. Ўйин Тошкент вақти билан 17:30 да старт олади ва Sport-TV канали орқали жонли намойиш этилади.
Изоҳ (0)