Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Шоҳжаҳон Эргашев февраль ойининг сўнгги 10 кунлигида АҚШнинг Showtime телеканалига интервью беради.
13 февраль куни Тошкентдан Москвага жўнаб кетган Эргашевнинг «Дарё»га маълум қилишича, у 22 февраль куни Нью-Йорк шаҳрига йўл олади. Режага кўра, унинг навбатдаги жанги апрель ойида ташкил этилиши керак.
Шоҳжаҳонни океан ортига таклиф қилиб, у билан шартнома имзолаган Showtime аввалроқ ҳам интервью таклифи билан чиққан бўлиб, Эргашев уларни кескин рад қилганди.
Showtime каналига интервью беришимдан олдин, аслида кимлигимни кўрсатиб қўйишим керак эди. Америкадаги кетма-кет ғалабалар сабаб рейтингда катта ўсишга эришдим. Сони Фредриксонга қарши жангимдан кейиноқ Showtime яна бир марта таклиф билан чиқди. Бироқ фикр-у хаёлим Ўзбекистонга қайтиш, ота-онам, яқинларим билан кўришиш ҳақида бўлгани учун, бу ҳақда кейинроқ яна гаплашишга келишиб олгандик. Москвада вақтимда эса Нью-Йоркка қайтгач, каналда чиқишга рози бўлдим.Шоҳжаҳон Эргашев, боксчиПроф рингда 12 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини муддатидан олдин таслим қилган Эргашев ўз промоутерларидан фақат ва фақат рейтинг пешқадамига қарши жанг қилишни талаб қиляпти. Айни вақтда -63,5 килограмм вазн тоифасидаги боксчилар рейтингини кубалик Рансес Бартелеми бошқариб турибди. Апрель ойида унга қарши жанг ўтказишнинг иложи бўладими ёки йўқ — ҳозирча маълум эмас.
Мен рейтингда ким биринчи бўлиб турган бўлса, унга қарши жанг қилишга тайёрман. Бу йўлда оладиган гонораримдан ҳам воз кечишга тайёрман. Ҳозир имкониятимнинг ҳаммасини тўлиқ намойиш қилганимча йўқ. Меҳнат қилишдан тўхтамасам, янада каттароқ натижаларга эриша олишимга ишонаман.Шоҳжаҳон Эргашев, боксчи
Бунгача Шоҳжаҳон Эргашев билан Американинг икки йирик промоутерлик компаниялари музокара ўтказишни истаётгани борасида хабар чиққанди.
Изоҳ (0)