Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 февраль куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг General Electric компанияси вице-президенти Роналд Жеймс Поллеттни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
General Electric компанияси жаҳоннинг кўп тармоқли етакчи корпорацияларидан биридир. Бугунги кунда энергетика, машинасозлик, аниқ ускунасозлик, электр техникаси, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, замонавий тиббиёт технологиялари, молия, ва бошқа кўплаб соҳаларда фаолият юритади.
Учрашувда General Electric компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда энергетика инфратузилмаси объэктларини модернизация қилиш, жумладан, Тахиатош иссиқлик электр станциясида замонавий буғ-газ қурилмаларини қуриш, Тошкент иссиқлик электр станцияси қувватларини кенгайтиришнинг иккинчи босқичини амалга ошириш, Пском гидроэлектр станциясини барпо этиш, газ етказиш тизимини ривожлантириш борасида қатор устувор лойиҳалар, шунингдек, фуқаро авиацияси ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма дастурлар ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари энергетика тармоғидаги ўзаро манфаатли технологик шериклик ҳамда ишлаб чиқариш кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатда, жумладан, хорижнинг етакчи мутахассислари ва экспертларини жалб қилган ҳолда, юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Роналд Жеймс Поллетт Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ҳамда юқори технологияли тармоқларда икки томонлама ҳамкорликка доир лойиҳа ва дастурларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирди. У General Electric компанияси Ўзбекистон корхона ва ташкилотлари билан узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)