Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари хизматчилари Қирғизистонга ярим миллион доллардан ошиқ нақд валютанинг олиб чиқиб кетилишининг олдини олди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
«Ахборот 24» дастурида айтилишича, эрталабки соат 5:00 атрофида ҳарбий хизматчилар сумка кўтариб чегарани белгиланмаган еридан кесиб ўтаётган кишини пайқаган. Номаълум шахс тўхташ талабини бажармаган, сумкани ташлаб, қочиб кетган.
Сумка ичидан скотч билан ўралган нақд доллар топилган. 5, 15 ва 30 минг долларлик пачкаларнинг умумий қиймати 573280 долларни ташкил этган. Пул давлат фойдасига мусодара қилинган.
Ҳозирда қоидабузарни топиш бўйича қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)