8 февраль куни Қуръон мусобақаси Фарғона вилоятида бўлиб ўтди, деб ёзади Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати.
Мусобақа ҳақида диний идора котибияти мудири Улуғбек Султон шундай фикр билдиради: «Мусобақа Фарғонада бўлган куни, 8 февралда шу қадар қаттиқ совуқ бўлдики, масжиднинг ичи ҳам жуда иссиқ эмас, ташқарисини гапирмаса ҳам бўлади, аммо одамлар қилт этмай ўтирибди. Биз илиққина сувга таҳорат қилиб, иссиққина масжидларда ўтириб ўрганган одамлар музлаб қолай дедик. Лекин совуқ улардан ҳам ўтиб кетяпти. Бироқ Қуръони каримнинг ҳурматини сақлаб бир киши ўрнидан туриб кетмади.
Ундан чиқиб Бувайдага йўл олдик. Борсак, аллақачон масжид тўлган, ҳовлида ҳам икки юз чоғли одам ўтирибди. Айни аёз қисадиган чоқ – аср билан шомнинг ораси. Қуръон ўқиляпти, ўтирганлар бошини ерга солиб тинглаб ўтирибди. Баъзиларининг кўзлари жиққа ёшга тўлган…
Бу одамлар нега бу ерда ўтирибди? Шу қорасовуқда ўтириш нима зарур уларга? Уларга бунинг учун биров бир нарса берадими – пул-мул, ош-нон дегандек!..
Йўқ, азизлар, улар бу нарсалардан ортиғини истаб ўтирибди ва у истаганларини қўлга киритяпти.
Ташқари қанча совуқ бўлса-бўлсин! Аммо уларнинг қалбида қайноқ муҳаббати бор. Аллоҳ таолонинг Каломига бўлган муҳаббат оташи қалбига ўрнашган киши унча-мунча совуқни писанд қилармиди!»
Изоҳ (0)