Хитой Тайпейи мезбонлик қилаётган футзал бўйича Осиё Чемпионатининг «B» гуруҳини Ўзбекистон терма жамоаси Япониядан кейин 2-ўринда якунлади.
Ҳал қилувчи ўйинда Осиёнинг уч карра чемпиони ҳисобланадиган Японияга қарши саф тортган ўзбекистонлик футзалчилар 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Бунгача тўплар нисбатидаги устунлик Баҳодир Аҳмедов шогирдларига эҳтимолий дуранг натижадан сўнг ҳам гуруҳ пешқадамлигини тақдим этиши керак эди. Аммо кунчиқар юрт термаси зонадаги барча ўйинда зафар қучишни уддалай олди.
Осиё Чемпионати «B» гуруҳи. 3-тур 5 февраль, душанба
Ўзбекистон — Япония 2:4
Голлар: Фарҳод Абдумавлонов, 3 (1:0). Каору Мориока, 21 (1:1). Шота Ҳоши, 24 (1:2). Артур Юнусов, 26 (2:2). Шота Ҳоши, 35 (2:3). Риосуке Нишитани, 38 (2:4).8 февраль куни Ўзбекистон термаси чорак финалда залга чиқади. Бунда рақиб «А» гуруҳини 1-ўринда якунлаган терма бўлади. Айни вақтда мазкур гуруҳда Хитой Тайпейи, Малайзия ва Вьетнам чорак финал учун даъвогарлик қилмоқда. Катта эҳтимол билан бу йўл Ўзбекистон термасини чемпионлик учун асосий даъвогар бўлган Эрон билан ярим финалдаёқ тўқнаштиради.
Изоҳ (0)