Ўзбекистон Олий Лигасининг сўнгги мавсумини кучли бешликда якунлаган «Локомотив», «Насаф», «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Бухоро» клуби раҳбарлари март ойида Англияга ташриф буюради. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати маълумот берди.
2017 йил сўнгида ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Англияга ташриф буюрган бўлиб, маҳаллий футбол ассоциация вакиллари билан учрашган ва ўзаро ҳамкорлик борасида келишувга эришганди. Мана шу битимнинг биринчи миссияси сифатида Англия ўз эшикларини «Эвертон» орқали очадиган бўлди.
Ўзбекистонлик мутахассислар бунда замонавий футбол структураси қандай бўлиши борасида тасаввур ҳосил қилади. Ишни қандай йўлга қўйиш, академия, мухлислар, футболчи ва мураббийлар билан қандай ишлаш кераклигини ўрганади ва орттирилган тажрибани ўз клубларида қўллашга интилади.
Англия — футбол инфратузилмаси, академиялар нуфузи ва бошқа бир нечта жиҳатлар борасида дунёда етакчи. Лондонга қилган ташрифимизда Ўзбекистон клублари директорларини Англияга малака ошириш учун жўнатиш борасида келишувга эришгандик. Бу мамлакатимиздаги футбол инфратузилмаси ривожи йўлида хизмат қилишига умид билдираман.Умид Аҳмаджонов, ЎФА биринчи вице-президенти
Ўзаро ҳамкорлик бу билан тўхтаб қолмайди. ЎФА режасида Лондоннинг «Арсенал» клуби билан ҳам ҳамкорлик қилиш бор. Март ойида 5 та клуб раҳбарияти «Эвертон»да малака оширса, кейинроқ бир қатор мутахассислар «Арсенал»га ташриф буюриши кўзда тутилган.
Қайд этиш керак, аввалроқ Умид Аҳмаджонов Испания футбол федерацияси билан ҳам шу каби ҳамкорлик борасида келишувга эришганди.
Изоҳ (0)