Хитойлик олимлар тажриба сифатида 5 нафар болага ўзларининг кемирчак тўқималаридан яратилган қулоқни ўрнатди. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.
Мазкур усул орқали олимлар микротия, яъни қулоқ чаноғининг туғма ривожланмай қолиши билан курашишни бошлади.
Микротия ҳар 12 минг нафар чақалоқдан бирида кузатилади. Мазкур касаллик эшитиш қобилиятининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Сабаби, қулоқ чаноғи овозни тутиб, унинг манбаси жойини аниқлашга ёрдам беради.
Микротия асоратлари билан курашиш учун сунъий қулоқлар ёки боланинг қовурғасидан олинган кемирчак тўқима қўлланилади.
Янги услуб соғлом қулоқни сканер қилиш ва унинг сунъий муқобилини яратиш жараёнини ўз ичига олади.
Операция қилинган болалар 5 йил шифокорлар назоратида бўлади. Шифокорлар мазкур жараён кутилган натижани берганини назорат қилади.