Андижон, Бухоро, Чирчиқ, Самарқанд ва Тошкентнинг Сергели туманида илк бор марказий иссиқлик таъминотининг замонавий модели жорий этилади. Лойиҳа Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланди, деб ёзади «Газета.uz».
Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан 25 январь куни маъқулланган «Марказий иссиқлик таъминоти энергия самарадорлигини ошириш ва модернизация қилиш» лойиҳаси туфайли Ўзбекистондаги бешта шаҳарнинг 240 мингдан ортиқ аҳолиси иситиш ва иссиқ сув таъминоти соҳасида янада самарали ва сифатли хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Лойиҳа Халқаро тараққиёт ассоциациясининг 140 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити ҳисобидан молиялаштирилади.
Лойиҳа Ўзбекистонда илк бор қўлланиладиган марказий иссиқлик таъминоти замонавий моделини жорий этиш орқали мазкур тизимдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган. Лойиҳа туфайли Андижон, Бухоро, Чирчиқ, Самарқанд ва Тошкентдаги (Сергели тумани) кўп қаватли уйлар аҳолисига иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш хизмати яхшиланади. Жамоат ва маъмурий бинолар, жумладан, болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар ва давлат муассасалари ҳам иситиш хизмати сифати яхшиланишини ҳис этади.
Секторнинг модернизация қилиниши ҳисобига электр энергияси ва табиий газ истеъмолини қисқартириш таъминланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)