15 январь куни Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети вакиллари Ҳиндистон оммавий коммуникация институтига (Indian Institute of Mass Communication – IIMC) ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сафардан кўзланган мақсад журналистика соҳасида Ҳиндистонда етакчи олий таълим муассасаси – оммавий коммуникация институти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат.
Учрашувларда томонлар талаба ва ўқитувчилар алмашинуви, ҳамкорликда илмий анжуманлар ташкил этиш, илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва шу каби фойдали ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олинди.
Сафар давомида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизда журналистика таълими соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, ёш журналистларнинг чет тилларини мукаммал ўрганиш масалаларига алоҳида тўхталган эди.
Маълумот учун, Ҳиндистон оммавий коммуникация институти (Indian Institute of Mass Communication – IIMC) 1965 йил 17 август куни ташкил этилган. Унинг ташаббускори Ҳиндистон ахборот ва телерадиоэшиттиришлар вазирлигининг ўша кезлардаги вазири Индира Ганди ҳисобланади.
Изоҳ (0)