14 январь куни «Kun.uz» сайти Тошкент шаҳрида йўл бўйларида йўловчилар учун кичик намозгоҳлар қурилиши ҳақида ёзиб чиққан эди. Хабарда, жумладан, пойтахтдаги 11 туманнинг ҳар бирида иккитадан шундай намозгоҳлар барпо этилиши, Сергели ва Бектемир туманларида биттадан янги жоме масжиди қурилиши таъкидланган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги хабар юзасидан ахборот бериб, маълумотлар нотўғри талқин қилинганини билдирди.
«Тошкент шаҳар вакиллиги томонидан маълум муддатларда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи имом-хатибларнинг йиғилиши ўтказилади. Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган ички масалалар бўйича белгиланган вазифалар тушунтирилади. Истиқболдаги режалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилади, таклифлар ўрганилади», — дейилади хабарда.
«Йиғилишда билдирилган Тошкент шаҳрида йўл бўйларида йўловчилар учун кичик намозгоҳлар қурилиши, пойтахтдаги 11 туманнинг ҳар бирида иккитадан шундай намозгоҳлар барпо этилиши масаласи ўзгача талқин қилинган».
Таъкидланишича, аслида йиғилишда туман бош имом-хатибларига шаҳарда маҳаллий аҳоли талабларидан келиб чиқиб, «Зиёрат туризми»ни ривожлантириш манфаатларини эътиборга олган ҳолда туманлардан янги намунавий масжид (намозхона) қуриш юзасидан иккитадан таклиф берилиши сўралган. Туманлардан берилган жами 22 та таклиф ўрганилиб, улардан иккита намунавий масжид (намозхона) қуриш режалаштирилган.
Изоҳ (0)