2017 йилнинг октябрь ва декабрь ойларида Ёшлар иттифоқининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳамда «Xabar.uz» сайтида Тошкент шаҳрида жойлашган бир қанча вақтинчалик, бир марталик иш билан таъминлаш бюролари бўйича, хусусан, Яшнобод туманида жойлашган бюрода Яшнобод тумани ИИБ ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этилаётгани ҳақида мақолалар чоп этилган эди. Тошкент шаҳар ИИББ бу борада расмий ахборот бериб, бундай ҳаракатлар содир этилганини инкор қилди.
«Ушбу маълумотларда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилди», — дейилади хабарномада.
«Юқорида қайд этилган икки интернет нашрдаги хабарлар бўйича Тошкент шаҳар Бектемир ва Яшнабод тумани ИИБ ходимлари томонидан пойтахтимизга пул топиш мақсадида келган республикамиз фуқароларига нисбатан ички ишлар идоралари ходимлари томонидан гўёки ўтказилаётган тазйиқ ҳамда фуқароларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш каби ҳолатлар ўз тасдиғини топмади», — таъкидланади баёнотда.
Шунингдек, бу борада мавжуд учта видеоёзувда сўзлаган барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, улар билан хавфсизлик хизмати ходимлари суҳбатлашди. Ўтказилган суҳбат давомида видеоёзувлардаги аёл киши ўз интервьюсида баён этган ички ишлар органлари ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари бевосита унга нисбатан содир этилмагани, бу каби ҳолатларни кўрмагани, ушбу маълумотларни фақатгина бошқа фуқаролардан эшитгани маълум бўлди.
Шу билан бирга, видеоёзувлардаги эркак киши келтириб ўтган ҳолатлардаги ички ишлар органлари ходимининг шахси аниқланиб, суриштирув давомида фуқаро ва ходимнинг важларида қарама-қаршиликлар мавжудлиги сабабли ҳолатга қонуний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида тўпланган ҳужжатлар прокуратура идораларига юборилди.
«Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет тармоғидаги ахборот порталларида ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисида берилган маълумотлар юзасидан холисона текширувлар ўтказилишини, ҳар бир хабарнинг ҳаққонийлигини, хабар бераётган фуқароларнинг шахси атрофлича ўрганиб чиқилишини ва якунида қонуний баҳо берилишини кафолатлайди», — деб таъкидлаб ўтди ИИББ вакиллари.
Изоҳ (0)