Словакиялик Владимир Вайсс Осиё Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичидан жой олган «Пахтакор»га қарши ўйинни ўтказиб юборади, деб ёзди «Championat.asia» нашри.
«Ал-Гарафа» футболчисига олган жароҳати «Пахтакор»га қарши ўйнаш имкониятини бермайди. 2017 йилнинг декабрида чап оёғини операция қилдирган Вайсс, январнинг 30-санасига қадар тикланиб улгурмайди. У узоқ муддатга сафдан чиққан.
Операция ҳақида футболчининг ўзи ижтимоий тармоқ орқали маълумот берган бўлиб, унинг муваффақиятли ўтганини, энг қийин босқич эса тикланиш эканлигини қайд этганди. У 19 декабрь кунги «Ал-Гарафа»нинг тақдирлаш маросимида чап оёғидаги махсус мослама билан иштирок этган. Бунда жамоа Қатар Юлдузлар Лигаси кубогига эга чиққанди.
Словакия терма жамоасидаги ўйинлари орқали танилган Владимир Вайссни ўзбекистонлик футбол мухлислари 2015 йилнинг 3 март куни янада яхшироқ эслаб қолганди. Ўша куни у Сергей Лушчан бошчилик қиладиган «Бунёдкор»нинг беш футболчисини алдаб ўтиб, супергол уришга эришганди.
Владимир Вайссиз ҳам «Ал-Гарафа» сафида яхши легионер футболчилар бор. Қатар клуби яқиндагина голландиялик юлдуз Уэсли Снайдер билан шартнома имзолаган бўлса, кўп ўтмай осиёлик легионер ўрнига Эрон миллий термаси ҳужумчиси Меҳди Таримни харид қилганди.
Изоҳ (0)