Дания, Коста-Рика ва Сингапурда қандай умумий жиҳат бор? Бу мамлакатлар фуқаролари ҳар бир кундан баҳра олиб — стресс минимум ва қувонч максимум бўлган шароитда яшайди, деб ҳикоя қилади National Geographic.
Ер юзидаги энг бахтли инсон ким?
Эҳтимол, Алехандро Зунигадир? Ўрта ёшли, соғлом Алехандро одамлар билан мулоқот қилишдан завқ олади ва ишонса бўладиган бир нечта дўсти борлигини билади. Камдан-кам вазиятларда суткасига етти соатдан кам ухлайди, ишга пиёда боради, ҳар куни олти порсия мева-сабзавот истеъмол қилади. Ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ ишламайди, ўз ишини яхши кўради ва ҳамкасблари билан яхши келишади.
Иккинчи эҳтимолий номзод — Сидсе Клемменсен. У содиқ умр йўлдоши ва уч нафар кичик фарзанди билан коммунада истиқомат қилади. Сидсе социолог, бундай касб билан дам олиш учун вақти кўп эмас. Бутун оила велосипедда ҳаракатланади — ишга, мактабга, дўконга — қоматни сақлашнинг ажойиб усули. Ўртамиёна маоши билан Клемменсен юқори солиқлар тўлайди, бунинг эвазига тиббий хизмат, фарзандлари учун таълим ва келажакда нафақа таъминланган. Унинг ватани Данияда кишилар ҳукумат уларни оғир авҳолда ташлаб қўймаслигига ишонади.
Ва ниҳоят, энг бахтли инсон номига учинчи номзод Дуглас Фу. Муваффақиятли бизнесмен 750 минг долларлик BMW’да ҳаракатланади ва ўн миллионлик уйда истиқомат қилади. Дуглас ва унинг рафиқасининг тўрт нафар фарзанди бор. У мактаб ўқувчиси эканлигиданоқ ўқиши учун пул ишлаган ва шахсий фирмасини очган. Фирма охир-оқибатда қиймати 59 миллион долларлик халқаро компанияга айланди.
Зунига, Клемменсен ва Фу бахтнинг учта турли шаклини ифодалайди. Ҳар учала номзод билан суҳбатлашиб, улар сирини фош қилишга уринамиз: нега сайёранинг айнан мазкур бурчакларида инсонлар энг бахтли?
Зуниганинг ватани энг бахтли мамлакатлардан бири. Сўровномаларга қараганда, Зуниганинг ватандошлари кундалик ҳаётда сайёранинг исталган бошқа фуқаросига қараганда кўпроқ ижобий ҳиссиётларни бошдан кечиради.
Клемменсен эса мақсад сари интилувчи данияликларга хос бўлган бахт соҳиби. Бахтнинг бошқа шаклларидаги каби бу ҳолатда ҳам асосий эҳтиёжлар қаноатлантирилганлиги туфайли кишилар ишхона ва дам олишда севимли иши билан шуғулланиши мумкин. 40 йилдан буён Европанинг энг бахтли мамлакатлари рейтингида энг юқори поғоналарни эгаллаб келаётган Данияда одамлар учун яшаш шунчаки осон.
Кўплаб иқтидор соҳиби жаноб Фу эса омад сари интилувчанлиги билан машҳур сингапурликлар нуфузини тасдиқлайди. Уларнинг бахти — ҳаётдан қониқиш. Бу кўрсаткич бўйича Сингапур Осиё мамлакатлари орасида етакчилик қилади.
БМТ буюртмасига асосан ҳар йили «Дунёвий бахт тўғрисида ҳисобот»ни (World Happiness Report) чоп этувчи Колумбия университети тадқиқотчилари инсон бахтининг тўртдан уч қисмини олтита омил белгилашини аниқлади. Булар: иқтисодий ўсиш барқарорлиги, соғлом ҳаёт давомийлиги, ижтимоий муносабатлар сифати, сахийлик, ишонч ва ўз йўлини мустақил танлаш эркинлигидир. Бу омилларнинг барчаси тўғридан-тўғри мамлакат ҳукумати ва унинг маданий қадриятларига боғлиқ.
Коста-Рика
Ҳар кунлик қувонч: соғлик, эътиқод, оила
Яна Алехандро Зунигага қайтамиз. У Коста-Рика пойтахти Сан-Хоседан шарқда жойлашган Картаго шаҳридаги марказий бозорда мева ва сабзавотлар билан савдо қилади. 57 ёшли эркак бу ерда анча йиллардан буён ишлайди. Ҳар сафар, олтмиш нафар савдогарлардан бири ёки бошқа бирор киши ҳаётида бахтсизлик рўй берса, айнан Зунига ёрдам пулини йиғади.
Бир куни кечқурун унинг телефони жиринглади. «Сенга лотореяда ютуқ чиқди», — дея хабар қилди унинг дўсти.
Зунига 50 миллион колон (ўша вақтда 93 минг доллар атрофида) ютуқ чиққанлигини маълум қилган дўстининг сўзларига ишонмади. «Бу аҳмоқона ҳазил деб ўйладим, — хотирлайди у. — Ҳамёнимда саккиз доллар қолган эди».
Эртаси куни уни ишда олқишлар билан кутиб олишди. Ҳаёт уни шу кунга қадар сийламаганлигини барча биларди. У харобаларда улғайган, нонга пул топиш учун 12 ёшида мактабни ташлаган, алкоголь билан боғлиқ муаммоларга дучор бўлган, 20 ёшида эса севимли инсони уни тарк этган эди.
Кутилмаганда Зунига миллионерга айланди. Уларни янги, фаровон ҳаётга алмашишини тахмин қилган дўстлари хаёлан у билан хайрлашди. Бироқ ҳафта ортидан ҳафта ўтди, қаҳрамонимиз эса секин-аста бойлигини тарқатишда давом этди. Миллион колон у бахтли чиптани харид қилган дўстига, миллион у оч қолган пайтларда тўйғазган таммадихона эгасига, яна миллион бозордаги камбағал танишига. Қолгани — онаси ва етти фарзандининг тўрт онасига. Бир йил ўтмасдан у яна аввалги аҳволига қайтди. Бироқ бу у учун мусибат эмас. «Мен бахтлиман», — таъкидлайди Алехандро.
Унинг умидсизликка тушмайдиган характерини тушуниш учун географияси ва ижтимоий сиёсати туфайли «бахт коктейли» ҳосил бўлган Коста-Рикани яхши билиш лозим. Коктейлнинг таркиби: мустаҳкам оила, ялпи соғлиқни сақлаш, Худога ишонч, осуда осмон, тенглик ва сахийликдир. Улардан ҳаётдан баҳра олиб яшаш рецепти юзага келади.
Алехандрони тушунишга уриниб кўрамиз. Унинг на машинаси, на олтин-олмослари, на қимматбаҳо техникаси бор — бироқ бахт ва ўзини ҳурмат қилиши учун унга буларнинг ҳеч бири керак эмас. У охирги юз йил ҳар бир фуқарони қўллаб-қувватлаш шиори остида ўтган мамлакатда яшайди.
Коста-Рика фуқаролари президентликка ўқитувчиларни сайлади — улар сиёсати хотиржамлик ва фаровонлик спиралини ишга туширди. 1869 йилда Коста-Рикада бошланғич таълимни барча болалар (диққатга сазовор жиҳати, қизлар учун ҳам) учун мажбурий қилган қонун қабул қилинди. 1961 йилда умуммиллий соғлиқни сақлаш ҳақидаги қонунлар қабул қилинди ва кўпчилик қишлоқларда текин тиббий пунктлар пайдо бўлди.
Фельдшер Илеана Альварес-Чавес Комлекс тиббий хизмат кўрсатиш таянч гуруҳи ходими. Унинг кунлик нормаси — ўнта хонадонни айланиб чиқиш. Уларнинг ҳар бирида ярим соат ўтказади, ахир тиббий картага қайдлар киритиш, қон босимини ўлчаш, эмлаш, тавсиялар бериш ва сув ҳеч қаерда туриб қолмаганлигига (оқмайдиган сувда Зика вируси ташувчилари бўлган пашшалар кўпаяди) ишонч ҳосил қилиши лозим.
1970 йилдан Коста-Рикада ўртача яшаш давомийлиги 66 ёшдан 80 ёшга кўтарилди, болалар ўлими эса етти марта қисқарди.
Қисқаси, Коста-Рика ижтимоий тизими фуқароларнинг асосий эҳтиёжларини қаноатлантиради.
Дания
Асосий эҳтиёжлар қаноатлантирилган шароитда севимли иш билан машғул бўлиш осон
Дания ҳам фуқаролари фароғати ҳақида ғамхўрлик қилади ва Сидсе Клемменсен улардан бири. «Давлат барча зарур нарсалар билан таъминлайди, — дейди Клемменсен. — Болалар бахтли. Ажойиб эрим ва севимли ишим бор. Жуда ҳам қўрқинчли ҳеч нарса юз бермаслигини биламан».
Клемменсен оиласи Ольборгдаги уй-жой уюшмасида истиқомат қилади. 22 оиладан ҳар бирига кичикроқ уй тегишли, умумий майдонда эса катта боғ, кирхона, устахона, омбор, автомобиллар тўхташ жойи ва ошхона бор.
Данияликлар тиббий ёрдам, таълим олиш ва молиявий ҳимояга бўлган ҳуқуқини ёшликдан англаб етади. Оилада фарзанд дунёга келса, ота-она бир йилга декрет таътилига чиқиши мумкин. Бунда улар деярли тўлиқ маошга тенг давлат нафақасини олади. Данияда кишилар ўртача ҳафтасига 40 соатдан кам ишлайди, таътил эса йилига беш ҳафтани ташкил этади. Бу каби сахий ижтимоий имтиёзлар дунёдаги энг юқори даромад солиғи эвазига қўлга киритилади. Бу универсал тенглаштиргич чиқинди тозаловчига шифокордан кўп пул топиш имконини беради.
«Данияликлар бахти уларнинг трйгҳед тушунчаси — ҳимояланганлик ҳисси билан боғлиқ. Бу ҳиссиёт она меҳридан бошланиб, ҳукумат билан муносабатларда якунланади, — дейди Копенгагенда яшаб, ишловчи америкалик антрополог Жонатан Шварц. — Тизим нафақат бахтни кафолатлайди, балки инсонларни уларни бахтсиз қилувчи амаллардан тийиб туради».
Данияликларнинг 90 фоиздан ортиғи ўз қизиқиши — совуқ сувда сузишдан тортиб қуён кўпайтириш бўйича бирор-бир клуб ёки жамиятнинг аъзоси ҳисобланади. 40 фоиздан ортиғи ўз хоҳиши билан жамоатчилик ташкилотига аъзо бўлади.
Сингапур
Муваффақиятга элтувчи йўл
Сингапур бахт сари бошловчи ўз йўлини топди. Дуглас Фу бунга ёрқин мисол. Жаноб Фу Сингапурдаги энг йирик тармоқ — Sakae Sushi тез хизмат кўрсатиш суши-ресторанларини бошқаради ва шу билан бир пайтда 22 ташкилотда волонтёрлик учун вақт топади. У сизга бахтли эканлигини айтади, бироқ ич-ичидан чўққилардан бирини забт этмаганлигини ҳис қилади.
Сингапурликлар учун муваффақият аниқ йўл якунида ётади — қоидаларга амал қил, яхши мактабда ўқи, яхши иш топ ва ҳаммаси яхши бўлади! Тенг имкониятлар, иқтидор ва меҳнатсеварликка йўналтирилган жамиятда кишилар ҳар доим мукофотланади.
Сингапурликлар нархлар ошиб бораётгани ва ишда тиним билмай меҳнат қилишидан нолиши мумкин, бироқ деярли ҳаммаси ҳимояланганлик ҳисси ва бир-бирига ишонч ҳақида сўзлайди. Бу ижтимоий тажрибанинг яратувчиси марҳум Ли Куан Юдир. Осиё анъанавий қадриятларига чуқур ҳурматни ҳис қилган Ли уйғунлик, ҳурмат ва меҳнатга асосланган жамиятни барпо этишни режалаштирган.
Ишлаётган ҳар бир киши, ҳатто энг оддий соҳада фаолият юрица ҳам, муносиб маошга умид қилиши мумкин.
Натижада бугун сингапурликлар бахтнинг учинчи кўриниши — ҳаётдан қониқишни ифодалайди. Ўз қадриятларингизга мувофиқ яшаётган бўлсангиз ва ютуқларингиз билан фахрлансангиз кўрсаткич юқорига чиқади. Сиз молиявий барқарорликка ва юқори мақомга эришдингиз ҳамда ўз жойингизда эканлигингизни ҳис қиласиз. Афсуски, бундай бахтга томон йўл узоқ йилларга чўзилиши мумкин. Ва кўпинча бунинг учун ҳаётимиз сахийлик билан тақдим этувчи кичик, сониялик қувончлар билан ҳақ тўлашга тўғри келади.
Изоҳ (0)