Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 январь куни Тошкент вилоятини айланди. Ташриф давомида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Президент нутқ билан чиқиш қилди. Манбаларнинг хабар беришича, видеоселектор шаклида ўтган йиғилишда кўплаб ташкилий масалалар кўрилган.

Ишдан олинганлар

Вилоят прокурори ва бош милиционери ишдан кетади. «Xabar.uz» хабарига кўра, Президент сессия давомида Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаевга Тошкент вилояти прокурорини, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга эса вилоят ИИБ бошлиғини ишдан олиш ҳақида топшириқ берган. «Kun.uz»нинг ўз манбасига асосланиб хабар беришича, вилоят прокурори Улуғбек Суннатов ва вилоят ИИБ бошлиғи полковник Саидкарим Нишонбоев «берилган вазифалар бажарилмагани учун» ишдан олинган. Қайд этиш жоиз, Суннатов вилоят прокурори этиб тайинлангунига қадар Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари, Нишонбоев бўлса ички ишлар вазири ўринбосари сифатида ишлаган эди.

Улуғбек Суннатов.

Улуғбек Суннатов.
Фото: Миллий олимпия қўмитаси (архив)

Бўстонлиқ тумани ҳокими ва солиқ инспекцияси раҳбари сессиянинг ўзида Президент томонидан ишдан олинди, дея хабар бермоқда «Xabar.uz». Нашр манбаси берган хабарга кўра, улар «туризмни ривожлантирмагани, бу борада бирор таклиф билан чиқмагани ва оёғи ердан узилгани учун» лавозимдан олинган. «Kun.uz»нинг қайд этишича, ишдан олинган ҳоким Бахтиёр Султонов 2017 йил июлида Иброҳим Ҳасанов ўрнига Бўстонлиқ раҳбарига айланган эди.

Вилоятдаги тўртта туманнинг солиқ ва молия раҳбарлари ёппасига ишдан олинган. Бу ҳақда «Xabar.uz» хабар бермоқда, бироқ гап айнан қайси туманлар ҳақида бораётганига аниқлик киритилмаган (нашр Президентнинг ушбу ҳолат юзасидан масъулларга қарата айтган гапидан шундай иқтибос келтирган: «Интернетда эълон қил, уларнинг ўрнига одам топ!»). Қайд этишларича, улар маҳаллий бюджетга солиқ тушумини бажармаган.

Тайинланганлар

Вилоят ҳокими лавозимидан «вазифасини бажарувчи» қўшимчаси олиб ташланди. Тошкент вилоятининг аввалги ҳокими Шукрулло Бобоев 2017 йил октябрида ишдан олинган эди (у ва Жиззах вилоятининг собиқ ҳокими Улуғбек Узоқов пахта ҳосилига қўшиб ёзишга йўл қўйганликда айбланган эди). Бобоев ўрнига 30 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. 5 январдаги сессияда Ибрагимов вилоят ҳокими лавозимига тўла тасдиқланган. «Xabar.uz»нинг хабар беришича, Президент амал курсиси аслида синов эканини эслатиб, Ғуломжон Ибрагимовни «ўзим ишонган кадр» деб атаган.

Ғуломжон Ибрагимов.

Ғуломжон Ибрагимов.
Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

Тошкент вилояти маъмурий маркази — Нурафшон шаҳрига ҳоким тайинланди. Шу вақтгача вилоят ҳокимининг капитал қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Усмон Раҳимов Нурафшон шаҳри ҳокими этиб тайинланган. Маълумот учун, Нурафшон — собиқ Тўйтепа шаҳрининг янги номи; бу аҳоли пунктини яқин йиллар ичида Ўзбекистондаги илк «ақлли» шаҳарга айлантириш режалаштирилган.

Вилоят ҳокимига янги ўринбосарлар тайинланди. Хусусан, Нурафшон шаҳрига ҳоким бўлиб кетган Усмон Раҳимов ўрнини Санжар Юсупов эгаллаган. «Xabar.uz»нинг ёзишича, сессияда ҳокимнинг яна бир ўринбосари тайинлангани айтилган, аммо унинг исми ва лавозими маълум қилинмаган. 6 январь ҳолатига кўра, бу ҳақда бирор расмий манба ахборот бермаган эди.

Сессиядан ташқари — 6 январь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тўрақул Арзиқулов Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангани ҳақида хабар берди. Арзиқулов бунгача Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилоят филиали директори лавозимида ишлаб келган.

Огоҳлантиришлар

Президентдан берухсат ҳокимларни тергов қилиш йўқ! «Ўзбекистон раҳбари кимда-ким Президентдан берухсат вилоят, туман ҳокимини терговга чақирса, қамалишини айтган. Турли ташкилотларга янги ҳоким (Ғуломжон Ибрагимов)ни ғийбат ва муҳокама қилмасликни буюрган», — деб ёзади «Xabar.uz» ўз манбасига асосланиб.

Одамлар рози бўлмагунча кабинетда ўтириш йўқ! Сессияда Шавкат Мирзиёев туман ва шаҳарлар учун масъул тўрт сектор раҳбари — ҳоким, прокурор, солиқ идораси раҳбари ва ИИБ бошлиғи қандай ишлаши кераклигини айтган. «Одамлар то рози бўлмагунча, тўртта сектор раҳбари кабинетда ўтирмайди», — деган Президент.

Энди Тошкент шаҳридан туриб ишлаш йўқ! Хабар беришларича, Шавкат Мирзиёев вилоятнинг кўплаб ташкилотлари ҳали ҳам Тошкент шаҳрида фаолият юритаётганини танқид қилган ва масъулларга уларни тез фурсатда Нурафшон шаҳрига кўчириш ҳақида топшириқ берган. «Барча ташкилотлар Нурафшонга тезроқ кўчсин», — дея Президентнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Xabar.uz».

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ҳоким атрофида уюшмасанглар, вилоят иккига бўлинади!»,деб огоҳлантирган Президент. Унинг сўзларига кўра, Тошкент вилоятидаги 7 та шаҳар муаммолари билан бош вазир Абдулла Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов шуғулланади. «Агар шунда ҳам ўзгариш бўлмаса, вилоятни иккига бўламан», — деган Шавкат Мирзиёев.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
«Украинадаги урушни Россия бошламаган» — Путин (видео)
Маҳаллий
Ўзбекистонда давлат ташкилотлари машиналарига газ қуйиш вақтинча тақиқланди
Маҳаллий
Тошкентда Cobalt йўлдан ўтаётган она-болани уриб юборди (видео)