2017 йилги футбол мавсуми аввалида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов Хитойнинг «Шанхай СИПГ» футбол клуби билан шартнома имзолади. Бунгача Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубида ишлаган португалиялик мутахассис Андре Виллаш-Боаш, Россия Премьер-Лигасидаги ўйинлари орқали яхши таниб олгани Аҳмедовни осиёлик легионер мақомида Хитойга таклиф қилганди.
Виллаш-Боаш билан «Шанхай СИПГ» Чемпионлар Лигасининг ярим финалига қадар етиб борди. Хитой Кубогининг финалида ўйнади ва мамлакат Супер Лигасини вице-чемпион сифатида якунлади. Бу шанхайликлар олдинга бўй чўзганидан далолат беради. Бироқ мавсум сўнгида португалиялик мураббий ўз лавомизини тарк этишга қарор қилди. Аҳмедовнинг эса шанхайликлар билан шартномаси бор.
«Championat.asia» нашри Одил Аҳмедовнинг 2017 йили қандай ўтганини сарҳисоб қилиб чиқди. Даромад борасида Хитойга ташриф Аҳмедов учун олдинга қадам бўлди, ўйин бобида-чи?
Супер Лигада 30 та тур ўйини бўлса, Аҳмедов шуларнинг 19 тасида ҳаракат қилган. У ҳеч қачон захирадан ўйинга қўшилмаган. Футболчи қатнашган ўйинларнинг 13 тасида шанхайликларнинг қўли баланд келган. 4 та ўйинда ғолибни аниқлаб бўлмаган. Аҳмедов иштирокидаги 2 та ўйинда «Шанхай СИПГ» футболчилари майдонни боши эгик ҳолда тарк этган. Аҳмедов жами 1691 дақиқа майдонда бўлган.
Сколари бошчилик қилган ва якунда мамлакат чемпионлигини қўлга киритган «Гуанжоу Эвергранд»га қарши беллашувда Одил Аҳмедов мавсумдаги энг паст кўрсаткичини қайд этган. У амалга оширган узатмаларнинг 77 фоизи шерикларига аниқ етиб борган. Нисбатан солиштирганда, бу ҳам у қадар ёмон натижа эмас.
29 октябрь куни бўлиб ўтган «Хенан Жиане»га қарши ўйинда эса Аҳмедов энг юқори натижасини кўрсатди. У берган пасларнинг 94,5 фоизи жамоадошларига аниқ етиб борган. Агар Аҳмедовнинг 19 та ўйинда қайд этган натижаларини биргаликда сарҳисоб қилсак, ўрта ҳисобда унинг 87,6 фоиз паси аниқ эканини пайқаш мумкин. Бу эса қониқарли натижа.
19 та ўйинда Аҳмедов рақиблар дарвозасига 28 та зарба берган ва шуларнинг 3 таси голга айланган. Ўзбекистонлик футболчи «Хенан Жиане», «Чонкин Линфан», «Шанхай Шенхуа» каби клубларга қарши ўйинларда гол урган. Унинг ҳисобида 1 та голли узатма ҳам бор.
Аҳмедов 11 та ўйинда марказий ярим ҳимояда тўп сурган. Яна 8 тасида Виллаш-Боаш ундан таянч зонаси вакили сифатида фойдаланган. Мавсум давомида футболчи ҳакамлар томонидан 4 марта огоҳлантирилган. У «Хенан Жиане»га қарши ҳар икки ўйинда ҳам сариқ карточкага лойиқ кўрилган. Қизил карточка эса олмаган.
Изоҳ (0)