Муассасанинг анча вақтдан буён фойдаланилмай келаётган биноси 2017 йил инвестиция дастурига киритилиб, 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига капитал таъмирланди.
Қирқ беш ўринга мўлжалланган янги бўлимда ультратовуш текшируви, кольпоскопия, ЭКГ, таҳлилхона, кичик операция хоналари ташкил қилинган. Шунингдек, қабул бўлими, кўрик ва муолажа хоналари зарур мебель ва тиббий жиҳозлар билан таъминланган.
«Бинода зарур шароит йўқлиги боис, фаолиятимизда турли муаммолар юзага келарди. Бўлимнинг ҳар томонлама қулай, замонавий бинода фаолиятини давом эттириши ишимизни тартибли, самарали ташкил этишга ёрдам беради. Энг муҳими, ҳомиладор аёлларнинг саломатлигини доимий назорат қилиш ва соғлом фарзандлар туғилишига хизмат қилади. 2018 йил инвестиция дастури бўйича акушерлик бўлими биноси ҳам капитал таъмирланиб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланади», – дейди туғруқ мажмуаси бош шифокори Лола Ҳамроева.