Халқаро ишлар бўйича эксперт Эдил Осмонбетовнинг фикрича, 2017 йил Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда тарихий босқич бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Чунки биз икки томонлама алоқалар нуқтаи назаридан 26 йилда бажарилмаган ишларни бир йил ичида фазовий тезликда амалга оширдик, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига эришдик», — деди у.
Сиёсатшуноснинг фикрича, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар минтақадаги бошқа давлатлар ва МДҲ мамлакатлари учун андоза бўла олади.
«Агар биз Ўзбекистон билан барча иқтисодий, чегарага оид, транзитни диверсификация қилиш масалаларига миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ечим топсак, қўшни мамлакат билан алоқаларимиз тенг ҳуқуқли бўлади. Минтақадаги бошқа давлатлар бунга эътибор қаратиб, уни асос қилиб олади ва Марказий Осиёда 2018—2019 йилларда тамоман бошқа муҳит кузатилади», — деб таъкидлади Э. Осмонбетов.
Сиёсатчининг фикрича, Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон президентлигига сайланганидан сўнг хорижга илк расмий ташрифини Ўзбекистонга уюштиргани мамлакат раҳбариятининг Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолатдир.
Э. Осмонбетов мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 250 миллион долларга етгани икки томонлама алоқалар тарихида ҳали кузатилмаганини, бу давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада юксалтирувчи кўрсаткичлардан эканини таъкидлади.
«Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси, деган сўзлари биз минтақада стратегик шериклик даражасига кўтарилганимизни англатади», — деб қўшимча қилди эксперт.