29 декабрь куни Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари Тошкентда атом энергиясидан тинч йўлда фойдаланиш бўйича келишув имзолади. Ўзбекистон ҳукумати номидан ҳужжатни бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов, Россия томонидан эса «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв имзолади, деб хабар беради «Газета.uz».
Келишувда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида Ўзбекистонда атом энергетика учун кадрлар тайёрлаш ва миллий инфраструктурани такомиллаштириш, мамлакатда атом электр станцияси ва тадқиқот реакторларини қуриш, шунингдек, уран конлари разведкаси ва уларга ишлов берилиши, уларнинг ҳаётий силсиласини қўллаб-қувватлаш кўрсатилган.
Келишув конкрет лойиҳалар ва илмий тадқиқотлар учун қўшма ишчи гуруҳларнинг ташкил этилишини, шунингдек, экспертлар ўртасида фикр алмашинуви, семинар ва симпозиумлар ўтказилишини назарда тутади.
«Бизнинг таклифимиз — шу ерда, Ўзбекистонда Х+ ВВЭР-1200 авлодидаги икки блокдан иборат станцияни Ўзбекистон томони ўзи учун тўғри деб билган пайтда қуриш. Бизнинг бундай станцияларни қуриш тажрибамиз жуда салмоқли», — деди Лихачёв ҳужжат имзолаш маросимидан сўнг.
Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон учун бу лойиҳа улкан аҳамиятга эга бўлади, негаки энергетика комплекси диверсификациясига хизмат қилади ҳамда энергетик хавфсизликда катта имкониятлар беради.
Алексей Лихачёв Россия Ўзбекистон учун мутахассисларни ўз ҳисобидан ўқитишга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)