23 декабрь куни Жиззах шаҳрининг «Мустақиллик» майдонида аҳоли ва айниқса ёшлар учун Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил топганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб «Миллий армиямиз — ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир» шиори остида «Армия ва ёшлар» номли фестиваль ўтказилди. Бу ҳақда 1News хабар бермоқда.
Жиззах вилояти ҳокимлиги ва марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ташкил этилган Қуролли кучлар салоҳияти намойишида вилоят аҳолиси билан бирга 10 мингга яқин ёшлар ҳам иштирок этди.
Тадбирда 800 нафарга яқин ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий оркестр садолари остида тантанали марш билан ўтиши, қўл жанги ва саф элементларини намойиш этиши кўрсатилди. 50 дан зиёд ҳарбий-техника ва қурол-аслаҳа намуналари ҳамда ҳарбий таъминотга оид кўргазмалар,шунингдек, мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашининг техник имкониятлари ёшларни бефарқ қолдирмади.
Фестивалда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А. Салиев ва Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов иштирок этди.
Изоҳ (0)