Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни мамлакатга расмий ташриф билан келган Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабековни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Қирғизистон парламенти нуфузли делегациясининг ташрифи жорий йил Тошкент ва Бишкек шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашувларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бу давлатлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг яққол тасдиғидир.
Томонларнинг амалий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсий иродаси, турли даражадаги алоқалар ва ташрифлар фаоллашгани қисқа муддатларда салмоқли натижаларга эришиш ва ўзаро муносабатларни аниқ амалий мазмун билан бойитиш имконини бергани алоҳида қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар, жумладан, Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Қирғизистон Жогорку Кенеши ўртасида имзоланган меморандумнинг амалий ижроси доирасида қўшма тадбирлар ўтказилаётгани қайд этилди.
Парламентлараро ҳамкорликнинг амалдаги механизмлари салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, мунтазам ва тизимли алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Достонбек Жумабеков Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди.
Меҳмон Ўзбекистонда барча соҳалар, жумладан, парламент ва фуқаролик жамияти ўрнини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган таркибий ўзгариш ва ислоҳотларнинг янги босқичини юксак баҳолади.
Қирғизистон Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди.
Изоҳ (0)