Эрон суди мамлакат собиқ вице-президенти Ҳамид Реза Бакаийга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда ISNA агентлиги хабар бермоқда, деб ёзади «РБК». У 63 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Мансабдор ваколатларини суиистеъмол қилиш ва давлат маблағларини қонунга хилоф сарфлашда айбланди. У вице-президент лавозимини 2009 йилдан 2013 йилгача эгаллаган. Шу билан бир пайтда 2011 йилдан мамлакат президенти маъмуриятини бошқарган.
Тhe Washington Post’нинг аниқлик киритишича, у 2015 йилда ҳибсга олинган, бироқ кейинроқ тергов давомида озодликка чиқарилган. 2017 йилнинг майида у президентлик сайловларида иштирок этишга уринган, бироқ унинг номзоди рад этилган. Кейинроқ, июль ойида у яна ҳибсга олинган.
Бакаий ўз лавозимини Маҳмуд Аҳмадинажод президентлиги даврида эгаллаган. «Ашарк ал-Аусат» газетасининг маълум қилишича, Бакаийга қарши иш Аҳмадинажод ва Эрон суд тизими раҳбари Садеҳ Ларижаний ўртасидаги можаро билан боғлиқ.
Изоҳ (0)