18 декабрь куни Испаниянинг Marca нашри Ла Лиганинг энг яхшиларини чорлади ва уларга ўзининг анъанавий совринларини топширди. Янги йил арафасида мамлакатнинг энг машҳур нашри ўз ўқувчилари ёрдамида сўровнома ўтказади. Кейин эса унда саралаб олинган футболчиларни экспертларга тақдим этиб, йилнинг энг яхшиларини аниқлайди.
Унга кўра, «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси энг яхши футболчи учун тақдим этиладиган Альфредо Ди Стефано соврини билан тақдирланди. Marca талқинига кўра, Месси бешинчи бор мана шундай совринни ўзиники қилиб олди ва рекорд ўрнатди. Криштиану Роналдуда бундай совринлар сони 4 тани ташкил қилади.
Каталониялик Андрес Иньеста эса Ла Лиганинг сўнгги мавсумдаги энг яхши испаниялик футболчиси бўлди. Овоз беришда ярим ҳимоячи ўз таъқибчиларидан илгарилаб кетди.
Лионель Месси энг яхши тўпурар совринини ҳам бегона қилмади. У 2016/17 йилги мавсумда ҳаммадан кўп гол уришга муваффақ бўлганди — 37 та. Унинг энг яқин таъқибчиси Луис Суарес 28 та гол билан чекланган бўлса, Криштиану Роналду ўтган мавсумда 25 та гол уришнинг уддасидан чиққанди.
Marca тўпурарга берадиган соврин Пичичи деб номланади. Пичичи Бильбаонинг «Атлетик» клуби сафидаги ўйинлари орқали машҳур бўлган ва асл исми Рафаэль Морено Арансади бўлган футболчидир.
Яго Аспас энг яхши испаниялик тўпурар номига лойиқ кўрилди. Юқорида санаб ўтилган уч футболчи Аргентина, Уругвай ва Португалиядан эди. 19 та гол урган «Сельта» ҳужумчиси Яго Аспас эса биринчи рақамли испаниялик голурар бўлганди.
Замора номи билан юритиладиган ҳамда энг яхши дарвозабонга бериладиган соврин Ян Облакка насиб қилди. «Атлетико» ўтган мавсум 27 та гол ўтказган бўлиб, бу борада унинг натижаси «Реал» ва «Барселона»никидан яхшироқ эди.
Marca энг яхши мураббийлар учун совринларни «Эйбар» устози Мендилибар ҳамда «Леганес» мураббийи Гаританога берди. Гурусэта номи билан аталадиган энг яхши ҳакам номинациясида эса Мартинес Мунуэра зафар қучди.
Қизиқ тарафи шундаки, 2016/17 йилги мавсум якунларига кўра, Мадриднинг «Реал» клуби чемпионликни қўлга киритганди. Тақдирлаш маросимида «қироллик клуби»дан ғолиблар йўқ эди.
Изоҳ (0)