Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси декабрь ойи бошида полиция навбатчи қисмлари ва фавқулодда вазиятларни бошқариш марказлари ишида қўлланувчи илғор ахборот технологиялари билан танишиш учун Санкт-Петербургга ташриф буюрди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон делегацияси «112» ягона рақами орқали Оператив хизматларни шошилинч чақириш тизими ва чақириқларни қайта ишлаш маркази фаолияти билан танишган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Самарқанд шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида «112» ягона рақами орқали шошилинч оператив хизматларни чақириш тизимини синов режимида ишга тушириш режалаштирилган.
Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида ИИВ Бош бошқармаси Навбатчи қисми ва ФВВнинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти бўйича инқирозли вазиятларда бошқарув марказига ташриф буюрди.
ИИВ мутахассислари ягона рақам бўйича оператив хизматларни шошилинч чақириш тизимига асос бўлган илғор ахборот технологияларини ишлаб чиқариш ва жорий қилиш билан шуғулланувчи корхоналарда бўлиш имконига эга бўлди.
Ўзбекистон ИИВ делегацияси учун «101» хизмати ахборот тизими архитектураси тақдимоти ўтказилди ва «112» тизимини барпо этиш бўйича IT-ечим намойиш этилди.
Томонлар ушбу тизимларни Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда ички ишлар органлари навбатчи хизматлари фаолиятига жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди.
Ташриф давомида делегация, шунингдек, радиоалоқа тизими, видеокузатув тизимлари, хавфсизлик мониторингини таъминлаш комплекси фаолияти билан танишди.
Изоҳ (0)