Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ангарсклик Михаил Попковга нисбатан қўзғатилган жиноят иши яқин вақт ичида судга йўналтирилади. У яна 60 та қотиллик ва қотилликка суиқасдда айбланмоқда. Бу ҳақда 15 декабрь куни Иркутск вилояти Тергов қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Ҳажми 322 томни ташкил этган жиноят иши тасдиқланган айблов хулосаси билан яқин вақт ичида кўриб чиқиш учун судга йўналтирилади», — дейилади хабарда.
Ангарсклик собиқ милиционер Попков 2012 йилда қўлга олинган эди. 2015 йилнинг январида Иркутск вилоят суди 22 та қотиллик ва икки қотилликка суиқасд учун уни умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилган эди.
2017 йилнинг мартида Попковга яна 60 та жиноят бўйича айблов эълон қилинди.
«Тергов давомида ўтган йиллардаги ўхшаш жиноятлар бўйича таҳлилий иш ўтказилди. Унинг доирасида 350 дан ортиқ иш ва текширув материаллари ўрганилди. Ўрганиш якунлари бўйича Попковга хос аломатларга эга жиноятлар танлаб олинган, шундан сўнг терговчилар томонидан Попков билан психологик мулоқот ўтказилганда у иқрор шаклидаги кўрсатмалар берган», — дея таъкидланади матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ (0)