Террорчилик гуруҳлари томонидан оммавий қирғин қуролларининг қўлланиши хавфи анча жиддий ва АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги уларга қарши курашиш учун махсус департамент ташкил этди. Бу ҳақда 13 декабрь, чоршанба куни АҚШ ички хавфсизлик вазири ўринбосари Элейн Дюк маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Ҳозир энг катта таҳдид нодавлат тузилмалар томонидан юзага келмоқда, — дея таъкидлайди у. — ИШИД террорчилик гуруҳи Сурия ва Ироқда заҳарловчи моддаларни қўлбола усулда яратишга қодирлигини намойиш қилди». У компьютер тармоқларидан тўйинувчи хонаки экстремизм жиддий хавотир уйғотишини қўшимча қилди.
«Одамлар терроризм тарғиботи таъсиридан ҳимояланган бўлишига эришишни истаймиз», — дея таъкидлади Дюк.
Марказий разведка бошқармаси, ФҚБ, Қирғоқ мудофааси ва бошқа бошқармалар билан яқин алоқада бўлувчи янги ташкилотнинг вазифаларидан бири оммавий қирғин қуроллари АҚШ қирғоқларига етиб келмасдан туриб, таҳдидларни аниқлаш учун энг илғор технологияни қўллашдан иборатдир.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)