Кеча — 6 декабрь куни футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига якун ясалди. Унга кўра, плей-оффга йўл олган жамоалардан ташқари, Европа Лигасига тушиб кетган клублар номи ҳам маълум бўлди.
Кутилмаганда Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичини «Атлетико», «Наполи», «Боруссия Дортмунд» каби Европанинг гранд жамоалари тарк этди. Натижада Европа Лигаси ғолиблиги учун кураш янада қизийдиган бўлди.
Бунгача «Арсенал», «Милан», «Лацио», «Вильярреал», «Лион», «Зенит» каби жамоалардан кўп нарса кутилаётганди. Уларнинг қаторига юқоридаги трио ҳам қўшилгач, вазият янада чигаллашди. Европа Лигасида ғолиб чиққан жамоа келаси мавсумни Чемпионлар Лигасида ўтказиши инобатга олинса, мазкур клублар ғолиблик йўлида кескин рақобатни вужудга келтириши турган гап.
Айнан шу масала сабаб Испания ва Англия клубларининг Европа Лигасига қарашлари ўзгарганини эътироф этиш керак. Оддий мисол, мусобақанинг ўтган мавсумида Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Манчестер Юнайтед» ҳам бош соврин учун жиддий кураш олиб борди ва якунда шу йўл орқали Чемпионлар Лигасига йўлланма олди.
Европа Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасининг кейинги босқичига қуръа ташлаш маросими 11 декабрь — душанба куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)