San Juan Аргентина сувости кемаси капитани ғойиб бўлишдан бироз аввал юзага келган авария сабабли саккиз марта ҳарбий-денгиз базага қўнғироқ қилган. Бу ҳақда 5 декабрь, сешанба куни Todo Noticias телеканали маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Республика Ҳарбий-денгиз кучлари вакили Энрике Бальби сувости кемаси охирги боғланишдан олдин бир неча марта алоқага чиққанлигини тасдиқлади. Сунъий йўлдош алоқа хизматини тақдим этувчи Теsаcom компанияси ҳисоботига кўра, экипаж 15 ноябрь куни 01:11 дан 01:49 гача бўлган даврда тўрт марта, 06:09 дан 07:36 гача эса яна тўрт марта қўнғироқ қилган. Шундан сўнг сувости кемаси бошқа алоқага чиқмаган. Қўнғироқларнинг умумий давомийлиги 55 дақиқага яқин бўлган.
«Капитан биринчи қўнғироқларни носозлик ва юзага келган қисқа туташув, ўт чиқмасдан тутай бошлаганлиги ҳақида хабар бериш учун қилган», — дейди Балби матбуот-анжуманида.
Унинг сўзларига қараганда, шундан сўнг экипаж бутун маълумотни ёзма шаклда тақдим этган. Бунинг учун ҳам сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланилган.
Ҳарбий-денгиз кучлари маълумотларига кўра, кема капитани йўналишни ўзгартиришга рухсат олиш учун база билан боғланган. «Белгиланган пункт ўзгаришсиз қолган, бироқ операция ҳудудидаги кунлар миқдори қисқарган», — дейди у.
Бортида 44 киши бўлган San Juan сув ости кемаси 15 ноябрь куни алоқага чиқмай қўйган эди.
Изоҳ (0)