Бангкок шифохоналаридан биридаги портлаш ташкилотчиси 6 декабрь, чоршанба куни 27 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Бангкок суди қарорида маълум қилинди, деб ёзади «ТАСС».
Аввал электртармоқ компаниясида муҳандис бўлиб ишлаган 62 ёшли Ваттана Пумрет портлашдан сўнг ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинган ва у ўз айбини тан олган эди.
Сентябрда суд уни портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва сақлашда айбдор деб топиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этиш ва ўқ-дориларни ноқонуний сақлаш учун 60 доллар миқдоридаги жарима жазоларини тайинлаган эди.
6 декабрь кунги суд мажлиси давомида Пумрет, шунингдек, қотилликка қасддан уринишда айбдор деб топилди. «Судланувчи ўз айбини тан олганлигини инобатга олиб, унга 27 йиллик қамоқ жазоси тайинланди», — дейилади суд қарорида.
22 май куни, Таиланддаги ҳарбий тўнтаришнинг уч йиллигида Пхрамонгкутклао шифохонаси ҳудудида портлаш содир бўлган эди. Оқибатда 25 киши жароҳат олган эди.
Изоҳ (0)