Шарқий Хитойнинг Вэйхай шаҳридан (Шаньдун провинцияси) 40 денгиз мили (тахминан 74 километр) шарқда ўн нафар экипаж аъзоси бўлган юк кемаси чўкиб кетди. 5 декабрь, сешанба куни Синьхуа агентлигининг хабар беришича, етти киши қутқарилган, уч киши бедарак йўқолган, деб ёзади «ТАСС».
Кема Ниуэ орол-давлатида (Океания) рўйхатдан ўтган. У Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридан Яньтай шаҳар округига (Шаньдун провинцияси) йўл олган эди. Кема жамоаси Мьянма фуқароларидан иборат эди.
Дастлабки маълумотларга кўра, кучли шамол ва чайқалиш палубадаги юк контейнерларининг жойидан силжишига сабаб бўлган, шундан сўнг кема ағдарилиб кетган. Фавқулодда вазият ҳудудида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Экипаж аъзоларидан бири шифохонага ётқизилган. Қолганларнинг ҳаёти хавф остида эмас.
Изоҳ (0)