«Kommersant.uz» йирик хорижий компаниялар ва дунёнинг етакчи университетларидаги карьераларидан воз кечган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди. Нашр улар нималарга эришганлиги, нимадан воз кечганлиги ва ватанида нима билан машғул эканлиги ҳақида ҳикоя қилади.
Швейцариянинг Telf AG компаниясида ишлаган, «Ўзметкомбинат»ни танлаган
Ёлқин Қосимов, «Ўзметкомбинат» тижорат масалалари бўйича бошқарув раиси ўринбосари, Корё университетида (Сеул) MBA’ни қўлга киритган. Бу Жанубий Кореядаги энг яхши дастур. Жанубий Корея дастурларининг ўзига хос жиҳати шундаки, улар Осиё иқтисодиёти шароитларига мослашган.
Қосимов Ўзбекистонда Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини тугаллаган. Ўқишнинг биринчи йилида «Ўзбекистон темир йўлларига»га темир йўл ишчиси бўлиб жойлашди, кейинчалик эса истиқболли ходим сифатида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича гуруҳга кирди.
Ёлқин MBA’ни қўлга киритгандан сўнг Хитойда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасидаги дунёвий етакчилардан бири ENRC вакили сифатида ишлади. Охирги икки йилда Швейцариянинг кўмир ва ферроқотишмалар билан ишловчи Шанхайдаги вакиллигини бошқарди.
Сентябрда эса «Ўзметкомбинат» раис ўринбосари лавозимига таклиф этилди ва уни қабул қилди.
Ёлқинни Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ «Ўзметкомбинат» устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқарувга олган SFI Management Group таклиф қилди.
«Акциялари Лондон биржасида муомалада бўлган халқаро компанияда ишладим, дунёнинг етакчи компанияларидаги топ-менежерлар билан мулоқот қилдим. Бу қизиқарли ва фойдали тажриба бўлди, — дейди Ёлқин. — SFI Management Group таклифини дарҳол қабул қилдим. Бу менежмент, одамлар билан ўзаро муносабат барпо этувчи, Ғарбнинг йирик корпорацияларидаги каби вазифалар қўювчи истиқболли компаниядир. Ўз билимим, тажрибамни мамлакатнинг энг йирик корхонасида қўллаш имкониятини тақдим этишди.
Гап мутлақо пулда эмас. Ўзбекистондаги иш ҳақини дейлик Швейцариядаги маош билан таққослаш тўғри эмас. Даромад юқори бўлган ривожланган мамлакатларда харажатлар даражаси ҳам юқори.
Тўғри, иқтисодий етакчи мамлакатларда яшаш даражаси юқори, шаҳарлари чиройли ва қулай. Бироқ бизда ҳам тараққиёт учун барча асослар бор, Ўзбекистонда дунё намуналаридан ортда қолмайдиган шароитларни яратишимиз мумкин. Бунинг учун иштирок этиш, чет элда илғор тажриба олган мутахассислар уни ватанида қўллаши ва жорий қилиши мумкин.
SFI Management Group мен ва ҳамкасбларим олдига «Ўзметкомбинат» АЖда жараёнларни оптималлаштириш, замонавий менежментни жорий этиш, халқаро тажрибани менталитетимиз билан уйғунлаштириш вазифасини қўйган.
SFI Management Group ижтимоий жавобгарлик юқори даражада бўлган компаниядир. Биз ҳудуддаги ва соҳадаги вазиятни яхшилашга ҳаракат қилмоқдамиз. Янги иш ўринлари яратилмоқда, Бекобод аҳолисининг ҳаёт даражаси яхшиланмоқда, янги товарлар чиқарилмоқда.
Бугун Ўзбекистонда бизнесни мўлжалга олган, мақсадга йўналтирилган, муаммоларни яратувчи эмас, уларни ҳал қилувчи хусусий мулк эгалари ва раҳбарларнинг янги тоифаси бор. Тахминан беш йилдан сўнг улар профессионал ўсиши лозим. Ўйлашимча, бугуноқ Ўзбекистон иқтисодиёти тараққиётнинг янги даврига қадам қўйди дейиш мумкин, бизнес учун кўплаб эшиклар очиқ.
Гарвард таклифини рад этган
Centil Sothis Advisory тадқиқотлар бўлими раҳбари, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида ўқитувчи Рауф Салахўжаев RePEc энг кучли ёш иқтисодчи олимлар рейтингига кирган биринчи ўзбекистонлик сифатида машҳур.
Тошкент молия институтининг 2010 йилги битирувчиси Нью-Йорк Давлат университетига Эдмунд Маски стипендия дастури бўйича ўқишга кирди ва магистр даражасини қўлга киритди.
Ўқув даврида конкурс асосидаги танлов натижаларига кўра Корнелл университетининг (АҚШдаги энг яхши университетлардан бири) илмий-тадқиқот гуруҳига киритилди. Айнан ўшанда бизнес юритишдан кўра фундаментал тадқиқотлар уни кўпроқ қизиқтиришини тушуниб етди.
Рауф бир қатор қолиш имкониятларига қарамасдан, Ўзбекистонга қайтди. «Гарвардда таклиф этилган олим сифатида ишлаш, Жанубий Флорида, Корнелл университети ва Сингапурдаги Наньян технологик университетида аспирантурани қоплаш, суғурта ва йилига 20 минг доллардан ортиқ стипендия таклиф қилишди», — дейди Рауф.
Унинг фикрича, илм-фан билан Ўзбекистонда шуғулланиш мумкин ва зарур. Бунинг учун вақти-вақти билан хорижий мамлакатларга чиқиш, чет эллик ҳамкасблар билан мулоқот қилиш, қаердадир стажировка ўташ, қаердадир таклиф этилган тадқиқотчи бўлиш кифоя.
«Ғарбда яшаш мақсадим йўқ, акс ҳолда аллақачон у ерда бўлардим. Мақсадим — шу ерда бўлиб, Ўзбекистон илм-фан тараққиётига ўз ҳиссамни қўшиш. Эҳтимол, айнан ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳудуддаги иқтисодий тараққиётнинг локомотивига айланмоқда ва менга айнан шу ерда фундаментал тадқиқотлар билан шуғулланиш қизиқарли. Ҳозирда патоген стресс устида ишламоқдаман ва интеллектуал салоҳиятга (IQ) бағишланган китоб ёзяпман. Китоб 2018 йилда уч тилда чоп этилади. Бундан ташқариб Centil Sothis Advisory консалтинг компанияси тадқиқот бўлимини бошқармоқдаман».
Германиядан қайтиб, Тошкентда стартап йўлга қўймоқда
Кимёгар-технолог, Tashkent Engineering компанияси асосчиси ва раҳбари Сардор Мавлянкориев дунё бўйича энг йирик кимёвий концерн Германиянинг BASF SE’даги лавозимини Ўзбекистондаги бизнес ва илм-фан учун тарк этган.
Германия кимё соҳаси саноат йўналишлари орасида иккинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат йилига 80 миллиард еврога тенг кимёвий маҳсулотлар экспорт қилади, ишлаб чиқариш ҳажми бўйича эса дунёда тўртинчи ўринда туради.
Сардор Тошкент кимё-технология институтидаги ўқиш ва Жанубий Корея Кангвон миллий университетидаги магистратурадан сўнг 2008 йилда Германияга кетди. Берлин техника университетида кимёвий катализ соҳасида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди, Росток шаҳри университети қошидаги Лейбниц номидаги катализ институтида илмий ходим бўлиб ишлади, кейин эса BASF SE компаниясида меҳнат қилди. У ерда ҳамкасблари билан ҳаммуаллифликда этилен олишнинг мукаммаллаштирилган технологиясини ишлаб чиқди ва патентлади.
Бугун Сардор Мавлянкориев кимёвий технологик жараёнларни математик моделлаштириш билан шуғулланиб, ўз фирмасини ривожлантирмоқда, Осиё тараққиёт банкининг Тошкентда қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича лойиҳаларидан бирига консультациялар бермоқда. Шунингдек, шериги билан бирга стартап устида ишламоқда.
Сардор чет элдаги ҳаёт уни биринчи навбатда дунёга очиқ бўлиш, бегона маданиятлар, анъаналар ва иш услубига ҳурмат кўрсатишга ўргатганлигини таъкидлайди.
«Кучли ва ривожланган мамлакат — Германияда яшаб, ўқидим. У ерда эканлигимда Германия миллий термасининг футболчилари дунё ва Европа чемпионлигини қўлга киритди, икки олим Нобель мукофотини олди. Кишиларнинг ватандошлари муваффақияти учун фахрланганлигига гувоҳ бўлдим. Ўшанда менинг мамлакатим ҳам дунё ареналарида ярқираши, мен ва қўшниларим, дўстларим, қолаверса, бутун ўзбекистонликлар фахрланишини жуда кучли хоҳлаганман. Ватанимга қайтганим ва унга фойда келтира олишим мумкинлигидан хурсандман», — дейди Сардор.
Изоҳ (0)