Микроавтобус ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи ишорасига ҳаракатланиб ўтганлиги ҳамда йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёдаларга йўл бермасдан ҳаракатланиб кетганлиги бўйича видеолавҳа «Qalampir.uz» сайтига жойланди, деб ёзади Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмий сайти.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўтказилган «Тозалаш-Антитеррор» тадбири доирасида кўрилган чоралар натижасида 29 ноябрь куни фуқаро 1991 йилда туғилган Ирисбеков Абдуқаюм Абдусаттор ўғли, «БАРС СЕРВИС ТРАНС» МЧЖга қарашли «ГАЗ-322132» русумли 62-сонли маршрут йўналишидаги микроавтобусни Юнусобод тумани, Амир Темур кўчаси бўйлаб бошқариб кетаётиб, Intercontinental меҳмонхонасининг қаршисида светофорнинг тақиқловчи чироғига бўйсунмасдан ўтиб, йўлнинг қатнов қисмидан ўтаётган пиёдаларга йўл бермасдан ҳаракатланиб кетганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ирисбековга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-4 моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмасдан ўтиши — энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима) ва 128-моддаси 3-қисми (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслиги — энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Изоҳ (0)