Энг яхши ходимлар учун кураш олиб борувчи йирик IT-компаниялар ва стартаплар нафақат текин таомлар, қулай ишчи зоналари ва кўнгилочар машғулотларга эга ҳашаматли офислар қуриш, балки турли фойдали жиҳатларни таклиф қилиш билан ҳам ўз ходимларини хурсанд қилади.
AdMe улардан энг қизиқарлиларини тўплади.
Ёш ота-оналар учун бонуслар
Кўплаб компаниялар раҳбарияти ўз ходимлари оиласидаги кўпайишга ғамхўр муносабатда бўлади. Мисол учун, Facebook раҳбари, икки кичкинтойнинг отаси Марк Цукерберг ҳам эркак, ҳам аёл ходимлари учун чақалоқни парвариш қилиш учун ҳақ тўланадиган таътил таклиф қилади. Ота-оналар, шунингдек, чақалоқ дунёга келгандан кейин 4 минг доллар миқдоридаги пул компенсациясини ҳам олади. Фарзанд асраб олинган ҳолатларда ҳам таътил ва тўловни олиш мумкин.
Netflix компанияси ҳам ёш болалари борлар учун бонуслар тақдим этади: мослашувчи график ёки уйдан ишлашга келишиш мумкин. Швециянинг IKEA гиганти эса тўлиқсиз иш кунида ишловчи ходимлар учун ҳам бола парвариш қилиш учун ҳақ тўланадиган таътил тақдим этади.
Бепуштликни даволашда ёрдам
Ҳозирча асосан Apple ва Facebook каби гигант компаниялар тақдим этаётган ноодатий бонус — бу бепуштликдан даволаниш, шунингдек, тухум ҳужайраларни музлатиб қўйиш учун ходимларга ҳақ тўлаш. Таъкидлаш керакки, ҳужайраларни музлатиб қўйиш жараёни анчагина қиммат бўлиб, АҚШда 15—20 минг долларни ташкил этиши мумкин.
Компания ҳисобидан саёҳат
Баъзи компаниялар ходимларининг нафақат соғлиғи, балки уларнинг қандай дам олишини кузатиб боришга ҳаракат қилади. Турар-жой ижарага олишнинг оммабоп сервиси Airbnb’да ишловчилар учун ҳар йили ер шарининг исталган нуқтасига саёҳат қилиш учун 2 минг доллар миқдоридаги нафақа тақдим этилади.
Мазкур компания раҳбарияти ходимларининг офисда зерикмасликларига интилади: уларга ишга ўз уй ҳайвонларини олиб келишга рухсат берилади, ҳар жума куни тематик кечалар ўтказилади.
Таътилда чекланмаган вақт
2004 йилда Netflix компанияси қуйидаги тизимни жорий қилди: компания таътилларни ҳисоб-китоб қилиш ва уларни қатъий назорат қилиш тизимидан воз кечилди. Бошқача айтганда, сиз исталган вақтда ва исталган муддатга таътил олишингиз мумкин. Бундай имкониятдан ўз вазифаларини яхши бажараётган ходимлар фойдаланиши мумкин — шубҳасиз, раҳбарият лойиҳалар ўз муддатида топширилишини кутади.
Бу ғоя бошқа компаниялар, жумладан, Twitter, Visualsoft, Pinterest ва Virgin компанияларини ҳам илҳомлантирди. Бундан ташқари, уларнинг баъзиларида 9 соатлик иш куни белгилаб қўйилмаган — асосийси қўйилган вазифаларни белгиланган муддатда бажариш.
Таълим учун ҳақ тўлаш
Кўпчилик компаниялар ходимлари ривожланишда тўхтамаслигига қизиқиш билдиради. Масалан, Google исталган курсларга ҳақ тўлашга тайёр: малака ошириш, янги тилни ўрганиш ёки тикиш-бичиш курсига қатнаш — кўнгилга ёққанини танлаш мумкин.
Starbucks ҳам ходимларга яхши муносабати билан машҳур: уларнинг қаҳвахоналарида ишловчи талабаларга компания баъзи ҳолатларда таълим олишини бутунлай қоплашга тайёр. Уларнинг баъзилари университетни якунлагандан сўнг ҳам компаниянинг нуфузлироқ лавозимида ишлаш учун қолади.
Машҳурлар билан учрашув
SpaceX компанияси раҳбари Илон Маск ходимларига илҳомлантирувчи мактублар ёзади, вақти-вақти билан чиқишлар қилиб туради. Яна у офисга машҳурларни таклиф қилиб туради. Улар ўз муваффақияти тарихи билан бўлишади ва шунчаки кишиларга яхши кайфият улашади. Офисда Женнифер Энистон, Уилл Смит, Морган Фримен ва бошқалар меҳмон бўлган.
Офиснинг ўзидаги комплекс хизматлар
Текин тушликлар, фитнес, кўнгилочар машғулотлар ва офисдаги бошқа афзалликлар билан ҳайратда қолдириш қийин, бироқ баъзи компаниялар янада илгариламоқда. Genentech биотехнологик корпорацияси ходимларига текин юдирик ва молиявий консултациялар, сафарларни ташкил этиш хизмати, сартарош, автомобилларни ювиш хизмати, спа ва бошқаларни таклиф қилади. Бундай офисдан ташқарига чиқмасдан ҳам яшаса бўладигандек!
Ҳақ тўланадиган волонтёрлик
Британиянинг The Body Shop косметологик компанияси табиат ва атроф-муҳитга ғамхўр муносабатда бўлади, ўз косметикасини ҳайвонларда синовдан ўтказмайди ва мунтазам хайрия ишлари билан шуғулланади. Компаниянинг ҳар бир ходимида беш иш куни давомида жамият ёки табиат учун фойдали нимадир қилиши ёки волонтёрлик лойиҳасида қатнашиш имконияти бор.
Квартирани текин тозалаш хизмати
Уй йиғиштиришни ёмон кўрасизми? Унда Evernote компаниясига ишга жойлашиш ҳақида ўйлаб кўринг: ҳар бир ходим ойига икки марта ўз уйини текинга тозалатиш хизматидан фойдаланиши мумкин. Бу ғоя бош директор рафиқасининг хаёлига келган, компаниянинг ҳар бир ходими бу ажойиб аёлдан миннатдор бўлса керак.
Изоҳ (0)