Олмаоталик эркак автотранспортни олиб қочиш учун янги технологиялар билан қуролланиш мақсадида квартирасини сотди, деб ёзади Kazakhstan Today.
Шаҳар ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, яқин вақтгача бозорда кийим-кечак сотган 45 ёшли фуқаро В. ва унинг 35 ёшли рафиқаси Д. «Тойота Хайландер» йўлтанламасини олиб қочишда гумон қилинмоқда.
Фуқаро В. дастлаб квартирасини 27 минг долларга сотиб, интернет орқали транспорт воситалари кодини аниқловчи қурилмани харид қилди. Жиноятга тайёргарлик кўрган эр-хотин 2 миллион тенгега олиб қочмоқчи бўлган машинага ўхшаш носоз машинани харид қилди. Машинани заҳира қисмларига ажратиб, унинг фақат техник паспорти ва кузов рақамини қолдирди. Уни олиб қочилган автомобилга ўрнатиш ҳақида усталар билан келишди.
27 октябрга ўтар кечаси фуқаро Д. танланган авто эгаси билан бирга лифтга чиқиб, қурилма ёрдамида пульт маълумотларини аниқлади. Икки дақиқадан сўнг «Хайландер» олиб қочилди.
Тергов давомида эркак машинани сотишни режалаштирганлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)