2017 йил давомида биткоин қиймати 960 доллардан 8 000 долларгача ошди ва кўплаб криптовалюта эгалари шубҳасиз яхшигина даромад эгасига айланди. Биткоинлар анонимликни сақлаб қолиш имкониятини берса-да, улардан баъзиларининг исмлари маълум. InsiderPro нашри биткоинлардаги энг катта капиталга эга кишилар рўйхатини келтиради.
Эгизак Уинклвосслар
Тайлер ва Кэмерон Уинклвосслар ҳақида эҳтимол эшитгандирсиз. Улар Facebook’да улуши борлигини исботлашга уринган.
Уларга ETF биткоинини рўйхатдан ўтказиш рад этилган бўлса-да, уларнинг 2013 йилда биткоинга киритган 11 миллион доллари (ўшанда улар муомаладаги барча криптовалюталарнинг 1 фоизга яқинини харид қилган эди) тахминан 21 марта ошиб, ҳозирги қиймати 231 миллион долларни ташкил этади.
Барри Силберт
Венчур капиталисти ва Digital Currency Group асосчиси Силберт биткоинларнинг катта истиқболини эрта пайқади. У 2014 йилда Америка Маршаллар хизмати томонидан ташкил қилинган кимошди савдода 48 минг биткоин харид қилди. Ўшанда биринчи криптовалюта донаси 350 доллар бўлган, яъни ўшандан буён Силбертнинг улуши тахминан 16 марта ошиб, 16,8 миллион доллардан 268,8 миллион долларгача етган.
Тим Дрейпер, миллиардер ва венчур капиталисти
Венчур капиталисти Дрейпер даромадининг катта қисмини Skype’га киритган инвестициялари туфайли қўлга киритган. 2014 йилги ҳукумат кимошди савдосида 30 минг биткоин харид қилади. Ўшанда лот унга 19 миллион долларга тушган бўлса, ҳозир унинг қиймати 171 миллион доллардир.
Чарли Шрем, биткоин фойдаланувчилари биринчи тўлқини иштирокчиси
Тадбиркор биткоиннинг биринчи мухлисларидан бири ва Bitcoin Foundation аъзоси эди. Бироқ бу жамғарма раҳбарларининг бир нечтаси терговга тортилди. Шрем пулларни «ювиш» айби билан икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Энди у бозорга инвестициялар ва криптотехнологияларга бағишланган стартап билан қайтди. Унга тегишли биткоинларнинг аниқ сони ошкор этилмаса-да, у қачонлардир бир неча минг коин харид қилган ва эндиликда уларнинг қиймати бир неча миллион доллар.
Тони Галлиппи, топ-менежер
Галлиппи — Bitpay криптовалюта компанияси бошқарув раҳбари ва ҳамтаъсисчиси. У, шунингдек, биткоиннинг йирик соҳиби ҳисобланади. Галлиппининг ўзи инвестициялари ҳажмини ошкор этмайди, бироқ уларнинг баҳоси 20 миллион доллар атрофида.
Сатоси Накамото, биткоин ғояси муаллифи
Накамото — криптовалюта ғоясининг сирли асосчиси. 2009 йилда у криптовалюталар ишлаш механизмини тасвирловчи мақола чоп этди. Шундан сўнг у ортиқ кўзга ташланмади, унинг ҳатто ҳақиқий исми ҳам ҳозиргача номаълум.
Накамото ким эканлигини билмасак ҳам, унинг биткоинлари кўп эканлиги маълум. Биткоин яратувчиларидан бири 2013 йилда Накамотонинг 1 миллионга яқин биткоини бўлиши кераклигини маълум қилди.
АҚШ ҳукумати
2013 йилда, Silk Road ёпилишида Федерал қидирув бюроси 144 минг биткоинни мусодара қилди ва тармоқда энг йирик биткоин-ҳамён соҳибига айланди. Кейинроқ ҳукумат биткоинларни сотиб, 48 миллион доллар даромад қилди.
Бундан ташқари, АҚШ солиқ хизмати рақамли валюта солиққа тортилувчи мулк эканлигини маълум қилиб, капитал ўсишидан солиқ тўламайдиган фойдаланувчиларни фош этиш учун ҳуқуқий кураш олиб боради. Барча биткоин транзакциялари бу радарга тушадиган кўринади, шунинг учун АҚШ ҳукумати эҳтимол биткоиндан ҳали кўп даромад қилади.
Изоҳ (0)