Нью-Йорк Жанубий округи прокурори Жун Ким эронлик Беҳзод Месрини интернет-қаллобликда, пул ундириш ва махфий маълумотларни ўғирлашда айблади. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар бермоқда.
Айтилишича, у май–август ойларида НВО телеканали сайтини бузиб кириб, у ердан махфий маълумотларни, шу жумладан, «Икки» ва «Ўйинчилар» сериалларининг ҳали намойиш қилинмаган қисмларини ҳамда «Тахтлар ўйини»нинг бир қанча сценарийларини ўғирлаган. Сўнг Беҳзод Месри телеканални шантаж қилиб, 6 миллион доллар талаб қилган, акс ҳолда сценарийларни интернетда эълон қилиб юборишини айтиб таҳдид қилган. Телеканал раҳбарияти у билан келишувдан бош тортганидан сўнг айрим материаллар интернетда тарқатиб юборилган.
Федерал қидирув бюроси Беҳзод Месрини қидирувга берди. Аммо, прокуратура маълумотларига қараганда, у Эронда бўлгани учун хакерни ҳибсга олиб бўлмайди. Аммо унга қарши илгари сурилган айбловларнинг баъзи оқибатлари бўлади.
«У ҳеч қачон Эрондан ташқарига чиқа олмайди, негаки уни ҳибсга олиб, бу ерга йўллашлари мумкин», — тушунтирди прокурор Жун Ким.
Изоҳ (0)