Тошкент ва Самарқандда 21–22 ноябрь кунлари «Инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт мезонларини ўлчаш бўйича қиёсий кўрсаткичлар: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Конференция Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ва унинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури ва Ф. Эберт номидаги жамғарманинг (Германия) Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Халқаро конференциянинг мақсади бутун дунёда инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт мезонларини ўлчаш бўйича халқаро амалиётни ўрганиш, миллий кўрсаткичларни белгилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг алоҳида тоифаси, жумладан, глобаллашув ва ахборот технологиялари шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилишни таъминлашга доир индикаторларни ишлаб чиқишдан иборат.
Конференция ишида БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитаси раиси, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Россия Федерацияси, Тожикистон Омбудсманлари, шунингдек, Озарбайжон ва Польша Омбудсман институтлари вакилларининг иштирок этади.
Анжуман доирасида ўтказиладиган икки ялпи ва тўрт шуъба йиғилишларида миллий ва халқаро тажриба кўриб чиқилади.
Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ижро ва суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Изоҳ (0)