IndiGo авиакомпанияси 11 йил аввал ташкил топган, бироқ бу вақт ичида Ҳиндистонда етакчига айланиб улгурди. Ташувчи мамлакат бозорининг учдан биридан ортиғини эгаллаган ва бир неча марта Марказий Осиёдаги энг яхши авиакомпания деб топилган. Бироқ 2017 йилнинг ноябри авиакомпания учун омадсиз келди, деб ёзади Meduza.
Барчаси 4 ноябрь куни бадминтончи Пусарла Венката Синдху Twitter’да авиакомпанияни танқид қилишидан бошланди. У IndiGo ходимлари у билан қўпол муомалада бўлганлигини маълум қилди. Авиакомпания аёлдан узр сўрашнинг ўрнига спортчининг ўзи айбдорлигини билдирди: унинг рейсга кечикишига оз қолган, сумкаси эса қўл юки сифатида олиш учун жуда катта бўлган.
Уч кундан сўнг интернетда йўловчиларни ураётган IndiGo ходимлари акс этган видео пайдо бўлди. Қайсидир сабабларга кўра улар йўловчининг самолёт томонга келаётган автобусга чиқишини истамаган, йўловчи эса унга чиқиб олишга уринган. Оқибатда IndiGo ходимлари уни асфальтга қулатган.
Видео намойиш этилганда авиакомпания оммавий узр сўради, бироқ жуда кеч бўлган эди. Twitter’да #boycottIndiGo кампанияси бошланди. Йўловчига ҳужумни тасвирга туширган авиакомпания ходимининг ишдан бўшатилганлиги маълум бўлгач, IndiGo янада кўпроқ танқидга учради.
13 ноябрь куни Лакхнау аэропортида IndiGo ходимлари ногиронлик аравачасидаги йўловчига ҳамроҳлик қилди ва уни тасодифан йиқитиб қўйди.
Ва ниҳоят, авиакомпания ходимлари ҳаракатлари билан боғлиқ бўлмаган яна икки ҳодиса юз берди. 14 ноябрь куни бортида 150 йўловчиси бўлган ҳаво кемасининг Вишакхапатнам аэропортидаги парвози охирги дақиқада бекор қилинди. Бунга учиш-қўниш йўлагига тўнғизнинг югуриб чиқиши сабаб бўлди. Оқибатда рейс уч соатга кечиктирилди.
Икки кундан сўнг 134 йўловчиси бўлган самолёт парвоз қилиши биланоқ қайтишга мажбур бўлди. Бунга унинг қушлар билан тўқнашгани сабаб бўлди.
Изоҳ (0)