Вазирлар Маҳкамасининг 13 ноябрдаги қарори билан ташкилотни қайта тикланувчи манбалардан энергия чиқарувчи қурилмалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган сифатида идентификация қилиш механизми тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Қайта тикланувчи манбалардан энергия чиқарувчи қурилмалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ташкилот деб солиқ ҳисоботи даври якунларига кўра бундай ускуналар реализациясидан тушган соф тушум умумий соф тушумининг 50 фоизидан кам бўлмаган қисмини ташкил этадиган юридик шахс тан олинади.
Маълумот учун, бундай турдаги ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтганидан бошлаб 5 йил муддатга барча солиқлар ва Республика йўл жамғармасига тўловлардан озод қилинади.
Ихтисослашиш фактини тасдиқлаш учун имтиёздан фойдаланувчи ташкилотлар солиқ ҳисоботини топшириш чоғида тасдиқланган шакл бўйича солиқ маълумотномасини тақдим этади. Унда рўйхат асосида қурилмалар кўрсатилади.
Юқоридаги имтиёзлар шу турдаги ташкилотларга идентификация асосида тақдим этилади. Агар ҳисобот йили якунларига кўра ташкилот белгиланган талабларга жавоб бермаса, имтиёзлар бекор қилинади, солиқ мажбуриятлари тикланади ва жарима белгиланади.
Ҳужжат 14 ноябрь куни Миллий қонунчилик базасида чоп этилди ва кучга кирди.
Изоҳ (0)