Греция пойтахти Афина четида тошқин оқибатида 16 киши ҳалок бўлди, 20 киши жабрланди. Бу ҳақда, CNN телеканалига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Кеча, 15 ноябрь куни мамлакат бўйлаб тошқинларда 13 киши ҳалок бўлгани билдирилган эди. Ёмғир оқибатида Мандра, Магула, Неа-Перамос, Элефсина ва Аспропиргос шаҳарлари сув остида қолди.
Ёғингарчилик Грецияда ҳафта бошидан буён давом этмоқда ва, прогнозларга кўра, якшанбагача давом этиши мумкин.
Энг катта зарар кўрган ҳудуд Ғарбий Аттикадаги Мандра шаҳри бўлди. Шаҳар мэри Янна Крикукига кўра, шаҳарликлар ўз уйларида «тузоқ»қа тушиб қолган ва офатдан қочиш имкониятига эга эмас.
Қутқарувчилар бедарак кетган икки кишини, Палеохори туманида яшовчи кекса инсонни ва тошқин олдидан ўрмонга кетган бир овчини қутқариб қолган. Айни пайтда беш киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Изоҳ (0)