Халқаро пресс-клубнинг валюта либерализациясига бағишланган сессиясида Марказий банк раисининг ўринбосари Тимур Ишметов 1000 ва 500 сўм номиналли валюталар тангага алмаштирилиши, янада йирикроқ номиналли купюралар чиқарилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «Kommersant.uz» хабар бермоқда.
«Танга борасида маълум қарор йўқ. Қабул қилинса, бу борада баёнот берамиз. Аммо масала жамиатга қулайлик туғдириш ҳамда пул бирликлари чиқаришни оптималлаштириш нуқтаи назаридан кўриб чиқилмоқда. Биз қатор банкноталар номиналини катталаштирдик, масалан, катта миқдорда 50 ва 10 минг сўмлик банкноталар чиқардик», — деди у.
«1000 ва 500 сўмлик банкноталар жисмоний ҳажми билан аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда, кўплар ўзи билан бир дунё майда пул олиб юришни ёқтирмайди. Шунингдек ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан самарасиз, чунки купюралар тез эскиради, улар эскирганда эса янгиларига алмаштириш керак. Натижада бундай купюралар чиқаришга кетган сарф-харажат ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Бу нуқтаи назардан ё катта номиналли купюралар жорий этиш керак, ё жаҳон амалиётига риоя этиб, тангалар жорий этиш керак», — тушунтирди Ишметов.
«Танга чиқариш қимматроққа тушади, аммо уларнинг ҳаётий силсиласи узунроқ. Бу нафақат иқтисодий нуқтаи назардан манфаатли, бу Марказий банкка ва аҳолига қулай бўлади. Купюраларни тангага алмаштириш ёки уларни йирикроқ номиналли банкноталарга алмаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда ва муҳокама қилинмоқда», — хулоса қилди амалдор.
Изоҳ (0)