Халқаро пресс клубнинг навбатдаги йиғилиши афсонавий фазогир-учувчи, икки маротаба собиқ Иттифоқ қаҳрамони, авиация генерал-майори Владимир Жонибеков иштирокида пресс-қаҳва шаклида бўлиб ўтди. Журналистлар билан суҳбатда Владимир Александрович фазодаги тажрибалари, ўзга сайёраликлар, орзуси ҳақида сўзлаб берди, деб ёзади UZ24.
Болаликдаги орзуим
Болаликда ёши мендан каттароқ Валентин исмли бир дўстим бор эди. У мактабга борарди, дарс қилаётган вақтида уни ёнида ўтирардим, шу тариқа ёзишни, чизишни ўрганиб олганман. Бобомга биринчи хатимни ёзганимда 6 ёшда эдим. Шу дўстим учувчи бўлишни орзу қиларди. У билан бизнинг уйимиз аэродром яқинида жойлашганди. Иккимиз биргаликда у ерга кўп борардик. Бир куни ўт ўчирувчилар биз болакайларни кўриб, ёнимизга келишди-да, «катта бўлсанг, ким бўласан?» деб аввал дўстимдан сўрашди. Дўстим «мен учувчи бўламан», деди. Кейин мендан сўрашди, мен ҳам дарров гавдамни тик тутдим-да, «учувчи бўламан», дедим. Шу тариқа мен учувчи бўлдим. 15 ёшга кирганимда илк бора самога сунъий йўлдош учирилди. Шу ондаёқ менда коинотга учиш орзуси пайдо бўлганди.
Отам ва виждоним
Яқинда отам 100 ёшни қарши олди. Бу қутлуғ сана муносабати билан Тошкентга келдим. Бўстонлиқдаги мўъжазгина ҳовлимизда оила даврасида нишонладик. Отам бирданига менга «сен виждонли одаммисан?» деб савол бериб қолди. Бу мени ўйлантириб қўйди, албатта. Менимча, шу вақтгача босиб ўтган ҳаёт йўлимда виждонимга қарши ҳеч қандай иш қилмадим.
«Фазода пахта экканмиз»
Коинот бу — бегона муҳит, барча жонзотлар учун ўта оғир ҳаёт. У ерда ҳамма нарса ҳам тахмин қилинганидек эмас эди. Биз фазода бир тажриба ўтказган эдик, бу — вазнсизлик ҳолатида пахта етиштириш амалиёти эди. Бунинг учун коинотга ўзимиз билан уруғлик олиб чиқдик. Уруғлик Ўзбекистонда машҳур ғўзанинг икки хил навлари эди. Бизга ҳар икки навдан 50 донадан беришди, фазо станциясига киришимиз билан уни экишимиз керак эди. Уруғликни экдик ҳам, лекин станцияда ҳарорат фақатгина +5,+7 даража эди, бу эса ўсимлик ўсишига етарли эмасди. Кейин иллюминатор (кема дарчаси)дан тушиб турадиган ультрабинафша нурлари етади деб тахмин қилишди, биз қаршилик билдирмадик. Лекин иллюминатордан қуёш нури доимий тушмасди. Шунга қарамай, уруғлик ўсди, барг ёзди. Биз орбитада бўлган саккиз кунимиз мобайнида уруғни экишимиз ва ниш урган уруғликни Ерга олиб тушишимиз керак эди. Шундай қилдик ҳам, тупроқни ёриб чиққан 20 та уруғни скафандрга кўксимга солиб, юрагимда сақлаб олиб тушдим, десам ҳам бўлади. Ерга тушишимиз билан пахта етиштириш заводидан вакиллар ёнимга югуриб келишди, уруғларни сўраб қўлларини чўзишди. Ўшанда куз ойлари бўлишига қарамай, улар уруғларни экишди. Уруғларнинг 20 тасидан 12 таси омон қолди. Сўнг маълум бўлди-ки, бир навдан бошқа бир янги нав ҳосил бўлган экан. Пахта толасининг узунлиги 78—80 миллиметр эди (бунгача толаларнинг рекорд узунлиги 40—45 миллиметр ҳисобланарди). Сифати ҳақида эса аниқ гап айтолмайман, лекин тола чиндан ҳам ингичка эмасди. Янги нав бардошли бўлиб чиқди. Натижада, қўпол айтганда, бир ярим метрли, барглари ва кўсаклари бор таёқ ҳосил бўлди. Янги нав, шунингдек, шўр тупроққа ҳам чидамли эди. Ҳозирда бу нав шимолий ҳудудларда етиштириляпти.
Ўша вақтда коинотда буғдой экиш, ундан ҳосил олиш ҳам кўзланган эди. Лекин бу иш ўйлаганимиздан кўра қийинлиги кейин маълум бўлди.
Шароф Рашидов ҳақида
Шароф Рашидов серқирра, очиқкўнгил одам эди. Ундаги соф инсоний қизиқувчанлик ёқарди, у билан суҳбатга киришиш осон ва мароқли эди. Парвоздан келишим билан машина юбориб, мен билан кўришишга, чойхўрлик қилишга шошарди. Кечагидай эсимда, унинг иш кабинети кичиккина, оддий, меъморий безаклардан холи эди. Хонада иш столи, 2—3 та юмшоқ курси, кичик стуллар бўларди холос. Доим лимонли чой, шарқона ширинликлар билан меҳмон қиларди.
Шароф Рашидовнинг устахонасига ҳам кўп борардим. У шеърлар ўқишни яхши кўрарди, мутолаа қилиб берарди. У киши билан исталган мавзуда – санъат, сиёсат, Тошкент шаҳрини ривожлантириш ҳақида суҳбатлашса бўларди ва бу менга мароқ бағишларди. Унга фазо одами қандай бўлиши, фазогирлар нималарни ҳис қилиши, нималар ҳақида ўйлаши, нималарни кўриши жуда қизиқ эди. Яна коинот Ўзбекистонга нима бериши мумкин, қандай имкониятлар бор, деб кўп сўрарди.
Дўстим ва тасвирий санъат
Дўстим ҳайкалтарош Яков Шапиро билан мени қандайдир ички ришталар боғлаб туради, деб ўйлайман. Усиз қалбим бўшаб қолгандек бўлади. У ижодкор одам. Унинг бармоқлари билан оддий лойни силаб-сийпаб бир шаклга келтираётганини, санъат асари яратаётганини кўриб, катта таассурот олганман. У ўз ишига юқори профессионаллик билан ёндашарди. Шу жиҳатларини жуда ҳурмат қиламан.Унинг бир одати бор: ўз ишидан қониқмагунча устахонани тарк этмайди ва шу билан бирга, қилаётган ишини 1—2 йилга тўхтатиб қўйиб, кейин яна қайтиши мумкин. Биз бир-биримизни сўзлар билан эмас, қалбан ҳис қиламиз. Мен буни Худодан берилган дўстлик деб биламан.
Тасвирий санъатга келадиган бўлсам, мен ўзимни аввало техник мутахассис деб ҳисоблайман, мени кўпроқ физиканинг замонавий ҳолати қизиқтиради. Тасвирий санъат менинг ички оламимига тегишли. Баъзида асабийлашганда тинчланиш учун чизаман. Лекин барибир ўзимни рассом деб билмайман.
Ўзга сайёраликлар борми?
Мен коинотни ўзга сайёраликларсиз тасаввур этолмайман. Космосга бўлган қизиқишимни уйғотган илк ўқиган китобим ҳам ўзга сайёраликлар ҳақида эди. Бир сафар Мўғулистон матбуотидан «Ўзга сайёраликлар учраб қолса, нима қилардингиз?», деган савол беришганди. Мен ўшанда: «Ўзга сайёраликлар менга халақит берган бўларди», дедим. «Нега?», дейишди.Шунда мен: «Уларнинг тилини билмайман, камгап бўлганим учун уларга Ер ҳақида сўзлаб беролмайман, шу учун мен бундай учрашув содир бўлишини хоҳламаган бўлардим», деб жавоб берганман. Бу жавобим ҳанузгача ҳам ўзгармаган.
Фазо ва фазогир
Фазо мен учун бу – тартиб. Менга фазода айнан тартиб ёқарди. Ерда эса кўп нарсалар тартибсиз, бу ёқмайди.
Фазогирнинг аввало жисмоний тайёргарлиги кучли бўлиши керак. Руҳан тетик, ўз нафсини жиловлай оладиган, яъни «мен хоҳлайман», деган тушунчани унутиши керак.
Маълумот учун:
Владимир Жонибеков Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилган. У беш марта коинотга парвоз қилган. Энг узоқ – бешинчи парвози давомида «Союз Т-13» кемаси капитани сифатида «Салют-7» орбитал станцияси устидан назоратни тиклаш учун юборилган ва 115 сутка мобайнида фазода бўлган.
Биласизми?
Тошкентдаги Космонавтлар шоҳ кўчасида («Космонавтлар» метро бекати) фазогир бюсти ўрнатилган. Ушбу бюст қайси фазогир экани ва уни ким яратгани кўпчиликни қизиқтирса керак. Бюст тирик афсона Владимир Жонибековга атаб 1984 йилда ўрнатилган. Асарни фазогирнинг дўсти, ҳайкалтарош Яков Шапиро яратган.