Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда иштирок этган Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда конференциядаги иштирок ҳамда «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» вазирлар учрашуви Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси қабул қилинганининг 10 йиллигида ўтказилгани Европанинг минтақага алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат бериши қайд этилди.
Европа Иттифоқи мамлакатнинг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб, Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама янада мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори экани таъкидланди.
Учрашувда Европа билан кенг қамровли алоқаларни кенгайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилаётгани қайд этилди. Европа Иттифоқи билан шерикликни инвестиция, савдо, молиявий-техникавий ҳамкорлик, таълим ва бошқа қатор йўналишларда илғор тажриба ва технологиялар алмашиш соҳасидаги амалий мазмун билан бойитиш томонлар учун манфаатли эканига эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақавий, хусусан, Марказий Осиёда сиёсий ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар билан таништирилди.