Politico газетаси ўзини Россия президенти Владимир Путиннинг жияни деб таништириб, Дональд Трампнинг сайловолди штаби ходими Жорж Пападопулос билан учрашган Россия фуқаросининг исмини келтирди. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар бермоқда.
Нашр манбаларига кўра, аёлнинг исми-шарифи — Ольга Виноградова — Россиянинг АҚШдаги президент сайловига аралашувини тафтиш қилаётган терговчилар томонидан аниқланган.
Пападопулос Ольга Виноградовани 2016 йил баҳоридаги кампания чоғида электрон ёзишмаларида тилга олган эди. Аммо аёл ҳақида бошқа тафсилотлар бу мактубларда келтирилмаган.
Олдинроқ Колумбия федерал округи суди Пападопулос президентлик кампанияси чоғида Кремлдаги алоқалари ҳақида гапириб, Путин билан учрашув ташкил этиб беришни таклиф қилганини аниқлаган эди. Маслаҳатчи этиб тайинланишидан уч кун олдин у штаб вакилларига Путиннинг жияни бўлмиш аёл билан танишганини айтган. Суд ҳужжатларига кўра, эркак кейинчалик бу аёл Россия президентига қариндош эмаслигини аниқлаган.
Изоҳ (0)