Тошкентда турли буюмларни арзон нархларда харид қилиб, уларни қиммат нархларда сотиб юрган яна олти чет эл фуқароси ушланди. Улар ҳам циган миллатига мансубдир, маълум қилади Тошкент шаҳар ИИББ.
«Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига бир неча нафар чет эл фуқаролари Тошкент шаҳридаги бозорлардан ҳар хил турдаги буюмларни арзон нархларда харид қилиб, уларни фуқароларга алдов йўли билан қиммат нархларда сотиб келаётганликлари ҳақида хабар келиб тушган», — дейилади хабарномада.
Хабар асосида 6 ноябрь куни тезкор тадбир ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, тадбир давомида циган миллатига мансуб бўлган Молдова, Россия ва Украина фуқаролари аниқланди.
Бу шахслар Тошкент вилоятида жойлашган меҳмонхонада вақтинча яшаб, Чилонзор туманидаги «Абу Сахий» бозоридан ошхона анжомлари, идиш-товоқ комплектлари ва шу каби бошқа буюмларни арзон нархларда сотиб олиб, уларни Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг атрофида, бозорларда ҳамда супермаркетларда гўёки мазкур буюмлар Европа давлатларида ишлаб чиқарилганлигини билдириб, харидорларни алдаш орқали қиммат нархларга сотиб келаётганликлари маълум бўлди.
Олдинроқ шу каби қаллоблик билан шуғулланган олти нафар молдовалик циган қўлга олинган эди.
Изоҳ (0)