Токио—2020 Олимпиадасида муносиб иштирок этиб, энг камида Рио—2016 Олимпиадасидаги натижани такрорлашни мақсад қилган Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси бу борада навбатдаги қадамни ташлади.
Токио Олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси катта эҳтимол билан спорт курашлари ва дзюдо спорт турларидан бир қатор медалларга эга чиқиши мумкин. Бунинг имкониятини янада ошириш мақсадида МОҚ Япония делегацияси билан муҳим меморандум имзолади. Унга кўра, Ўзбекистон спорт курашлари ва дзюдо термаси Токио—2020 Олимпиадасига тайёргарликни кунчиқар юртнинг ўзида олиб боради ва япониялик спортчилар билан ҳамкорликда меҳнат қилади. Япон миллий спорт тури ҳисобланган дзюдо сир-асрорларининг ўша ернинг ўзида янада мукаммалроқ ўзлаштирилиши, Токио—2020 Олимпиадасида Ўзбекистоннинг имкониятларини ошириб бериши мумкин.
Бунга эришиш учун МОҚ ўз делегациясини август ойида Япониянинг Маидзуру шаҳрига жўнатган бўлиб, ташриф давомида ўзбекистонликлар шаҳар мери Рёзо Татамини Тошкентга таклиф қилганди. 8 ноябрь куни мер пойтахтга етиб келди ва МОҚ раҳбарияти билан учрашди. Татамини МОҚ президенти Алишер Султонов қарши олди.
Маидзурунинг танлаб олингани бежиз эмас. Бунгача шаҳар маъмурияти Япония ҳукуматига мурожаат қилиб, Токио Олимпиадасигача бўлган йўлда Маидзуруга Host Town (қабул қилувчи шаҳар) расмий мақомини беришни сўраган ва бунга ижобий жавоб олганди.
Меморандумга кўра, Маидзуру ўзбекистонлик спортчиларга барча жабҳаларда ёрдам беради. Улар Олимпиадага муносиб тайёргарлик кўриши учун шаҳар маъмурияти ташкилий ва техник масалаларда зарур шароитларни яратади. Ўзаро ҳамкорлик фақатгина спорт соҳасидагина бўлиб қолмай, таълим, маданият, туризм ва иқтисодий йўналишларни ҳам ўз ичига олади. Ўзбекистон спортчиларининг Японияга ташрифи учун керакли маблағнинг бир қисмини айнан Маидзуру ўз гарданига олади.
«Олимпия ўйинлари олдидан ўқув-машғулот йиғинларининг мусобақага мезбонлик қилувчи мамлакат ҳудудида ўтказилиши, спортчиларимиз учун маҳаллий иқлим ва шароитга мослашиш, қолаверса, спортдаги энг муҳим жиҳатлардан бири саналган акллиматизация ва адаптация жараёнини ортиқча қийинчиликсиз енгиб ўтишда муҳим аҳамият касб этади», — деб ёзди МОҚ матбуот хизмати.
Изоҳ (0)