Яманнинг бир қисмини назоратда ушлаб турган исёнчи хусийларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати коррупцияга қарши кампания доирасида таъқиб остига олинган саудиялик шаҳзодаларга бошпана таклиф қилди. Бу ҳақда, Қатарнинг Al Jazeera телеканалига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Саудия қироли Салмон бин Абдулазиз ас-Сауднинг ташаббусига кўра ташкил этилган коррупцияга қарши кураш олий қўмитаси асос солинишидан бир неча соат ўтиб 40 нафар нуфузли шахсларни қўлга олишга кўрсатма берди. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошчилигидаги кампания доирасида 11 шаҳзода ва тўрт вазир, шунингдек, кичикроқ мартабадаги яна бир неча киши ушланган эди. Улар орасида мамлакатнинг энг бой инсонларидан бири, шаҳзода ал-Валид бин Талал бор эди. Шунингдек, йирик бизнес билан боғлиқ қатор шахслар ушланди.
Шу муносабат билан Яманнинг шиа исёнчилари баёнот чиқарди.
«Биз ас-Сауд қирол оиласининг ҳар қандай аъзосига ёки Саудиянинг ҳар қандай фуқаросига, агар у камситиш ва таъқибдан қочмоқчи бўлса, бошпана беришга тайёрмиз», — дейилади баёнотда.
Саудия Арабистони бошчилигидаги Форс кўрфази араб давлатлари ҳарбий коалицияси Яманда хусийларга қарши кураш олиб бормоқда. Улар расмий президенти Абдраббу Мансур Ходий режимини ҳимоя қилмоқда.
Изоҳ (0)