Буюк Британиядаги Уорвик университети тадқиқотчилари бошчилигидаги астрономлар гуруҳи томонидан олдинлари мавжудлиги эҳтимоли жуда кам ҳисобланган улкан сайёра аниқланди. Бу ҳақда «Наука» хабар бермоқда.
NGTS-1b кодли номи билан аталган газли объект коинотдаги ўз юлдузига нисбатан энг катта сайёра ҳисобланади. Унинг ўлчами Юпитер билан тенг, бироқ 20 фоиз енгилроқ. Юлдуз эса Қуёшга нисбатан икки баробар кичик ва енгил.
Сайёра ўз юлдузига ўта яқин, уларнинг ўртасидаги масофа Ердан Қуёшгача бўлган йўлнинг 3 фоизига тенг. Объект унинг атрофида 2,5 кун мобайнида айланиб улгуради, демак, сайёрада йил ҳам шунча давом этади. Ҳарорат эса 530 даража ёки 800 келвинга тенг.
Мазкур тизим Ердан 600 ёруғлик йили узоқда жойлашган.
NGTS-1b мавжудлиги сайёраларнинг ҳосил бўлиши назарияларига зид ҳисобланади, чунки уларга кўра, бундай кичик юлдуз атрофида шунчалик катта ўлчамдаги сайёра ҳосил бўлиши мумкин эмас.
Изоҳ (0)