Жаҳон банки Ўзбекистонга инвестициялар ҳажмини оширишга, ишбилармонлик муҳитини яхшилайдиган иқтисодий ислоҳотлар лойиҳасини таклиф этди. Тавсиялар 1 ноябрь куни Жаҳон банки гуруҳининг «Бизнес юритиш – 2018» мавзуидаги йиллик рейтинг презентацияси чоғида айтиб ўтилди. Ушбу рейтингда Ўзбекистон 13 ўринга кўтарилиб, 74-ўринни эгаллади, деб хабар беради «Газета.uz».
Жаҳон банкининг етакчи иқтисодиётчиси Стефка Славова Ўзбекистон жорий йилда катта ютуқларга эришган соҳаларни санаб ўтиб, ҳали ишлаш лозим бўлган бизнес муҳити компонентларига эътибор қаратди.
«Мамлакатда уч йилдан бери бизнесни рўйхатдан ўтказиш учун ‘бир ойна’ тизими ишлайди. Аммо барибир электрон жараёнлар қоғоз жараёнлар ўрнини тўлиқ эгалламади», — деди у.
Жаҳон банки, шунингдек, синов тариқасида божхона тозалаши учун ягона электрон ойна очишни таклиф этмоқда, бу импорт-экспорт операциялари мухлатларини қисқартиради.
«Халқаро савдо бўйича кўп иш қилиш керак, — деди Стефка Славова. — ҳозир бу мамлакатдаги фаолият соҳаларининг энг заифларидан биридир. Юридик талаблар ва амалиёт ўртасидаги узилиш бор. Қоғозда ёзилган қоидалар ишламайди».
Иқтисодиётчи бу соҳадаги тенденцияларни санаб ўтди:
Мувофиқлик сертификатини олиш ёки унинг икки томонлама келишув асосида тан олиниши мураккаб жараён бўлиб қолмоқда.
Қоғозли жараёнлардан фойдаланилганда техник рухсатномалар олиш камроқ вақт талаб этади — бу қисман норматив база шакллантирилганига боғлиқ, лекин айрим идоралар реструктуризацияси ва ноадекват автоматизацияси ҳам бунга сабаб бўлади.
Импорт ва экспорт товарлари божхона қийматининг аниқланиши халқаро принципларига тўла мос келмайди.
Божхона органлари чегарада юкларни текширганда таҳдидларни баҳолаш методикасидан фойдаланмайди.
Соҳани йўлга қўйиш учун Жаҳон банки халқаро савдода ишлатиладиган тизимлар билан мувофиқлаштиришни, фойдаланувчиларнинг автоматлаштирилган тизимдан фойдаланишини қулайлаштиришни таклиф қилмоқда.
Экспертлар, шунингдек, Бразилия тажрибасини ўрганиб чиқишни тавсия қилмоқда. Ушбу мамлакат божхона, солиқ ва маъмурий органларни бирлаштирувчи электрон тизим туфайли трансчегаравий савдони 72 соатга тезроқ амалга оширмоқда.
Ўзбекистондаги бизнес соҳасининг яна бир муаммоси, ҳисоботда айтилишича, қурилишга рухсат олишдир.
«Жаҳонда ўсиб бораётган тенденция — хусусий секторни, мустақил муҳандисларни ёки ихтисослашган қурилиш фирмаларини қурилиш назорати ва инспекциясига жалб этилишидир», — қайд қилиб ўтди Стефка Славова ва Ўзбекистон бу тажрибани ўзлаштириши мумкинлигини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)