Россия Фанлар Академияси Зоология институти ходими Александр Аверьянов ва АҚШ Табиий тарих миллий музейи тадқиқотчиси Ханс-Дитер Зуэс Ўзбекистоннинг Қизилқум чўлида аниқланган топилмаларни таҳлилдан ўтказиб, динозавр қолдиқларини аниқлашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «Комсомольская правда» хабар бермоқда.
Альваресзаврид номини олган, бўйи у қадар катта бўлмаган бу ғайриоддий динозаврнинг ўзига хослиги шундаки, у яхши ривожланган, аммо бир бармоқли қўлларга эга.
Олдинроқ бундай динозаврлар шимолий ярим шарда жанубийга нисбатан кечроқ пайдо бўлгани тахмин қилинар эди. Янги маълумотлар альваресзавридлар Гондванада эмас, Лавразияда (қадимий суперконтинентлар номи) пайдо бўлганини кўрсатиши мумкин.
Бугунги қушларнинг узоқ қариндоши бўлмиш альваресзавридлар манирапторлар гуруҳига киради. Манирапторлар — иссиқ қонли, пат билан қопланган динозаврлардир.